Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги мусобақалари

30 сентябрда Тошкентдаги “Пахтакор” стадионининг қиличбозлик залида қиличбозлик бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги мусобақалари бошланди. Уларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг энг кучли спортчилари иштирок этмоқда.

Мусобақаларнинг биринчи кунида эркаклар ва аёллар ўртасида шпага бўйича шахсий биринчилик беллашувлари бўлиб ўтди. Ушбу қурол тури бўйича мамлакат Кубогига эга бўлиш учун жангларда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг вакиллари кураш олиб бордилар.

Ўзбекистон очиқ кубоги учун қуролларнинг ҳар уччала тури бўйича шахсий ва жамоавий мусобақалар 5 октябргача давом этади.

 

Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг матбуот хизмати