“ХАЛҚАРО ОЛИМПИА КУНИ”ГА БАҒИШЛАНГАН “ХАЛҚ САЙЛИ” УМУММИЛЛИЙ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ

 “ХАЛҚАРО ОЛИМПИА КУНИ”ГА БАҒИШЛАНГАН

“ХАЛҚ САЙЛИ” УМУММИЛЛИЙ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ

 

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш, айниқса ёшларни спорт билан шуғулланишга тўла жалб этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, “Ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилган шароитлар ҳам бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бунинг тасдиғини ёш спортчиларимиз хaлқаро мусобақaларда муваффақиятли қатнашиб, 520та олтин, 544та кумуш, 588 та бронза медалига сазовор бўлганида ҳам кўриш мумкин”.

 Шунингдек, спортчиларимиз 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари ҳамда  Аргентинада ўтказилган ўсмирлар олимпиада ўйинларда юқори натижаларга эришиб, Марказий Осиё давлатлари ўртасида пешқадамлик қилмоқдалар.

Маълумки, бундан 125 йил муқаддам франциялик ислоҳотчи, барон Пьер де Кубертеннинг та­шаббуси билан қадимий Олимпия ўйинларига қайта жон бағишланган бўлиб, 1894 йилнинг 23 июнь санасида Халқаро Олимпия қўмитаси(ХОҚ)га асос солинди. Халқаро Олимпия қўмитасининг 1948 йилда қабул қилган қарорига асосан 23 июнь бутун дунёда “Халқаро Олимпия куни” сифатида кенг нишонланиб келади.

Айни пайтда ХОҚ жаҳоннинг 206 мамлакатини ўз атрофига бирлаштирган. 1994 йилдан эъти­боран Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳам ушбу нуфузли спорт ташкилотининг тенгҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Олимпиа ғояларини кенг тарғиб этиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзининг тарғиботи ва ташвиқотини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистонда 2019 йил 6 июлда “Халқаро Олимпиа кунига” бағишланган “Халқ сайли” умуммиллий спорт мусобақаларини ўтказишга қарор қилинди. “Халқаро Олимпиа куни” Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва муассасаларида соат 8 дан 8 дақиқа 8 сония ўтганда бошланиб, ана шу мусобақалар якунига бағишланган, “Ҳумо Арена” спорт мажмуасида ўтказиладиган гала-концерт вақти соат 19 дан 7 дақиқа 7 сония деб  белгиланди.

 “Халқаро Олимпиа куни”га бағишланган “Халқ сайли” умуммиллий спорт мусобақалари мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Кичкинтойлар - ширинтойлар” шиори остида оммавий спорт мусобқалари бўлиб ўтади. Шу билан бирга мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг халқаро мусобақаларда  юқори натижаларга эришган спортчилар билан учрашувлар ташкил этилади. Шунингдек, мамлакат ҳудудларида “Энг яхши мактабгача таълим муассасаси” аниқланиб, бу танлов ғолиблари махсус дипломлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

“Халқаро Олимпиа куни”га бағишланган “Халқ сайли” умуммиллий спорт мусобақалари умумтаълим мактабларида  ташкил этилган ёзги дам олиш оромгоҳларида бўлиб ўтади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг “Энг яхши умумтаълим мактаби” аниқланиб, уларга махсус дипломлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилади.

“Ёшлар иттифоқи” Марказий Кенгаши ҳам “Халқ сайли”га қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ёшлар ҳар бир ҳудуднинг марказий истироҳат боғларида оммавий-спорт тадбирларига жалб этилади. “Ёшлар иттифоқи” Марказий Кенгаши Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёни доирасида умуммиллий ҳаракат - “Токио сари йўл” шиори остида учрашувлар ташкил этиб, бу мавзуда тарғибот–ташвиқот ишларини олиб боради.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги университетлар ва институтлар талабалари ўртасида спортнинг ўйин турлари бўйича мусобақалар ташкил этади. Шу билан бирга ҳар бир ҳудудда “Энг яхши олий таълим муассасаси” аниқланиб, улар махсус дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Жисмоний  тарбия ва спорт вазирлиги туман, шаҳар болалар-ўсмирлар, спорт турларига ихтисосолаштирилган болалар–ўсмирлар спорт мактаблари,  ҳудудий ихтисослаштирилган олимпиа заҳиралари мактаб-интернатлари тарбияланувчилари ўртасида спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этади. Шу билан бирга ҳудудлардаги марказий истироҳот боғларида ёшлар учун моҳир спортчилар томонидан маҳорот сабоқлари ўтказилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Мудофаа вазирлиги тизимида ҳам оромгоҳларда дам олаётган ўқувчи ва ёшлар ўртасида спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади, истироҳат боғларида авиамодель, ракета модели, кема модели, автомодель  бўйича кўргазмали маҳарат сабоқлари уюштирилади.

“Халқаро Олимпиа куни”га бағишлаб таниқли эстрада хонандалари иштирокида “Ҳумо Арена” спорт мажмуасида гала-концерт ҳам ташкил этилади.

Тошкент шаҳрида енгил атлетика, дзюдо, бокс, таэквондо, от спорти, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мусобақалар, шунингдек велесипед пойгаси, мотоциклчилар гуруҳларининг чиқишлари ҳам режаланган.