ЭНГ КУЧЛИ ҚИЛИЧБОЗЛАР ТОШКЕНТДА БАҲСЛАШАДИ

ЭНГ КУЧЛИ ҚИЛИЧБОЗЛАР ТОШКЕНТДА БАҲСЛАШАДИ

 

Пойтахтимизда жорий йилнинг 11 ноябрь куни эркаклар ўртасида қиличбозликнинг шпага йўналишида халқаро “Сателлит“, 17-18 ноябрь кунлари эса ўсмирлар ва қизлар ўртасида сабля бўйича жаҳон кубоги ўтказилади.

Мазкур мусобақалар муносабати билан Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида матбуот анжумани ташкил қилди.

Анжуманда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва бошқалар мaмлaкaтимиздa истеъдодли ёшлaрни ҳaр томонлaмa қўллaб-қуввaтлaш, сaлоҳиятини тўлиқ рўёбгa чиқaришгa қaрaтилaётгaн эътибор спортчилaримизнинг хaлқaро мaйдонлaрдa эришaётгaн ютуқлaридa яққол нaмоён бўлaётгaнини тaъкидлaб, Тошкентда ўтадиган “Сателлит“ ва жаҳон кубоги мусобақалари юқори савияда ўтишига ва мазкур мусобақаларда спортчиларимиз муносиб иштирок этишига ишонч билдирди.


Мамлакатимизда илк маротаба ўтказилаётган халқаро “Сателлит“ мусобақасида спортчиларимиздан ташқари, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Индонезия, Покистон каби давлатлардан элликка яқин қиличбоз иштирок этиши кутилмоқда.

Жаҳон кубогида йигирмага яқин давлатдан истеъдодли спортчилар ўзаро рақобатлашади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақалар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз қиличбозлик федерацияси, бир қатор ташкилотлар ва Халқаро қиличбозлик федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.