Айни пайтда бутун дунёга хавф солиб бораётган коронавируснинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан барча керакли чоралар кўрилмоқда. Ҳукумат қарорида 23 март кунидан бошлаб барча давлат ва нодавлат ташкилотлар фаолияти тўхтатилиши, ходимларнинг меҳнат таътилига чиқарилиши ҳақида айтилиб, зарур ҳолларда ходимлар уй шароитида масофадан ишлаши тавсия қилинди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг аксарият ходимлари ҳам айни вақтда меҳнат таътилига чиққан. Қўмита ўз фаолиятини юритишда рақамли технологияларни ҳам йўлга қўйган бўлиб, зарур ҳолатларда электрон ахборот алмашинуви асосида керакли ишлар амалга оширилмоқда. Бу орқали Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоамиз вакиллари учун тузиб чиқилган машғулотлар графигининг боришини назорат қилиш имконияти мавжуд.

Ташкилот вакиллари карантинни уйда қолиб, оила-аъзолари бағрида ўтказмоқда. Бу билан ташкилотимиз жамоаси юзага келаётган хавфни бартараф этишда ўз хиссасини қўшибгина қолмай, умрнинг қимматли онларини яқинлари учун янада кўпроқ сарфламоқда. Азиз ҳамюртлар, Сиз ҳам уйда қолинг ва ҳаётингизни яқинларингиз учун янада кўпроқ бағишланг!