Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги мусобақалари якунланди

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги мусобақалари якунланди

 

         Аввал хабар берганимиздек, 30 сентябрь-5октябрда пойтахтдаги “Пахтакор” қиличбозлик залида  қиличбозлик бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.

         Шпага бўйича эркаклар ўртасида шахсий биринчиликда  70 спортчи иштирок этди. Мусобақалар якунига кўра фахрий шоҳсупанинг энг тўрига Тошкент шаҳридан Ҳасан Будунов кўтарилди. У финалда андижонлик Санжарбек Собировни мағлубиятга учратди. Учинчи ўринларни эса Тошкент вилоятидан Сардор Нурматов ва андижонлик Жавохирбек Нурматов эгалладилар.

         49 шпагачи иштирок этган аёллар ўртасидаги шахсий биринчиликда ҳам тошкентликлар ўз маҳоратларини намойиш эта олдилар. Биринчи ўринни барча рақибларини мағлубиятга учратган пойтахтлик  Вероника Рожкова эгаллаган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар ҳам тегишли равишда Тошкент шаҳри шпагачи қизлари Жасмина Суванова ҳамда Малика Хакимовага насиб этди. Қуролнинг бу турида совриндорлар қаторидан фақат фарғоналик Гульмира Зияева ўрин ола олди. У ҳам учинчи ўринни эгаллади.

Шпага бўйича эркаклар ўртасидаги  жамоавий мусобақаларда мамлакат кубоги учун 18 жамоа – Тошкент ва Андижон вилоятидан 5 тадан, Навоий ва Бухоро вилоятидан 2 тадан, шунингдек Бухоро ва Сирдарё вилоятлари, Республика олимпия заҳиралари спорт мактаби ҳамда Миск жамоаси спортчилари иштирок этди. Бу мусобақаларда Андижон-1 жамоаси шпагачиларига тенг келадиганлар топилмади. Улар фаҳрий шоҳсупанинг биринчи поғонасига кўтарилдилар. Иккинчи ўринни  Тошкент-1, учинчи ўринни Андижон-2 жамоалари эгаллади.

         Шпага бўйича аёллар ўртасидаги жамоавий мусобақаларда 12 жамоа – Тошкент шаҳридан 4 та, Навоий ва Бухоро  вилоятларидан 2 тадан, Андижон вилояти, Республика олимпия заҳиралари спорт мактаби ҳамда Миллий клуб жамоалари спортчилари иштирок этди. Тошкент-1 шпагачи спорчилар  аёллар ўртасидаги жамоавий мусобақалар ғолибига айланди. Иккинчи ўриннни Республика олимпия заҳиралари спорт мактаби, учинчи ўринни Бухоро-1 шпагачи қизлари эгаллади.

Рапира бўйича шахсий мусобақаларда эркаклар ўртасида 60 та, аёллар ўртасида 45 та спортчи  иштирок этди. Қуролнинг бу турида пойтахтлик рапирачиларга ҳам шахсий, ҳам жамоавий мусобақларда тенг келадиганлар топилмади. Тошкент шаҳридан спорт мастери Жонибек Холмуродов фаҳрий шоҳсупанинг энг тўрига кўтарилди. Иккинчи ўринни андижонлик Ахмадиллохон Солихожиев, учинчи ўринни – пойтахтлик Дониёр Нуғмонов эгалладилар.

         Аёллар ўртасидаги шахсий мусобақларда ҳам пойтахтлик рапирачи, спорт мастери Яна Алборова ғолиблик нашидасини сурди. Самарқандлик Умида Илёсова иккинчи, Фарғонадан Гульмирза Зиёева учинчи ўринни эгаллашди.

Рапира бўйича жамоавий мусобақалар якунига кўра ғолиб ва совриндорлар қаторидан қуйидагилар ўрин олди:

Эркаклар:

         1-ўрин. Тошкент-2 (Д.Саъдуллаев, А.Собиров, Х.Шарипов).

         2-ўрин. Тошкент-1 (И.Молина, Л.Нугманов, Б.Собиржонов, Д.Халмуратов).

         3-ўрин. Андижон-1 (М.Асранов, Р.Семенеев, Анвархон Солихожиев, Ахмадиллохон Солихожиев).

Аёллар:

         1-ўрин. Тошкент-1 (И.Гедикли, Л.Зияходжаева, К.Мирзаева, М.Парпиева).

2-ўрин. Фарғона вилояти-1 (О.Абдуллаева, М.Давронова, Г.Зияева, М.Орипова).

3-ўрин. Тошкент-2 (К.Азимова, М.Сайдазимова, Е.Толкачева, М.Шарипова).

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги мусобақаларининг қуролнинг сабля тури бўйича шахсий биринчилиги финалида Қорақалпоғистон Республикасидан икки мастер спортлигига номзод Шерзод Мамутов ва Фозил Генжабев беллашди. Кескин кечган жангда Шерзоднинг қўли баланд келди ва у мусобақа ғолиби бўлди. Учинчи ўринни тошкентлик Бекзод Олимжонов эгаллади.

Қуролнинг ушбу тури бўйича аёллар ўртасидаги шахсий биринчиликда тажрибали спортчи, спорт мастери Паула Плиегога бас келадиганлар топилмади. У ўзининг маҳоратини яққол намойиш этиб, финалда Қорақалпоғистон Республикасидан Зайнаб Дайибековани мағлубиятга учратди. Учинчи ўрин ҳам Қорақалпоғистон Республикаси спортчиси АйсулуУснатдиновага насиб этди.

Сабля бўйича жамоавий мусобақаларда эркаклар ўртасида 13 та , аёллар ўртасида 8 та жамоа қиличбозлари ўзаро жанг олиб борди. Натижада ғолиблик учун ўринлар қуйидагича тақсимланди:

 

Эркаклар:

:

1-ўрин. Тошкент -1

2-ўрин. Қорақалпоғистон Республикаси

3-ўрин. Тошкент области –1

 

Аёллар:

1-ўрин. Тошкент-1

2-ўрин. Қорақалпоғистон Республикаси

3-ўрин. Тошкент области