Рустам Шаабдураҳмонов: “Бартараф этиш керак бўлган муаммолар етарлича”

Рустам Шаабдураҳмонов: “Бартараф этиш керак бўлган муаммолар етарлича”

Куни кеча Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига раҳбар этиб тайинланган Рустам Шоабдураҳмонов бугун биринчи иш кунида Олимпия ўйинлари оиласига мансуб барча спорт федерация ҳамда ассоциациялар мутасаддилари билан учрашди.

Унда кўрилган асосий ва муҳим масала – 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида ташкил этиладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига олиб бориладиган тайёгарлик дастурини қайта кўриб чиқиш ва соҳадаги муаммоларни бартараф этишга қаратилди.

Йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов, спорт федерациялари ва ассоциацияларининг мутасадди раҳбарлари иштирок этди.

 

“Олдимизда Токио олимпиадаси турибди. Вақт оз қолган. Бартараф этишимиз керак бўлган муаммолар эса етарлича. Кеча ҳам айтганимдек, биз бу борада ҳамжиҳатликда ишлашимиз керак. Ҳозир бир неча ой қийналамиз. Аммо шу қийинчиликдан ўтиб олсак, кейин ишимиз анча енгил бўлади. Ҳали ҳар бир федерация вакиллари билан яқиндан танишиб чиқаман. Бунгача қиличбозлик федерациясида фаолият олиб борганим боис, соҳадаги вазият менга аён. Энди қолган федерациялар билан ҳам шуғулланиб чиқамиз.

Шунингдек, хаёлимизда фақат Токио-2020 олимпиадаси бўлиб, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларини ташлаб қўймаслигимиз ҳам керак. Ахир кейинги олимпиада ўйинларида терма жамоамиз негизини шулар ташкил қилади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Дархақиқат, 2019 йил спортимиз учун ғоятда масъулиятли давр ҳисобланади. Зеро, Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун аксарият лицензияларни атлетларимиз айнан шу йилда қўлга киритишлари зарур. Бугунги учрашувда МОҚ раҳбари мутасаддиларга фурсатни қўлдан бой бермай, тайёргарлик ишларини янада жадаллаштириш, ўқув-машғулот йиғинлари сифатини кўтариш, мураббийлар малакасини ошириш бўйича топшириқ берди.

Йиғилишда Олимпия ўйинлари дастурига кирган бокс, гимнастика, оғир атлетика, дзюдо, сузиш, от спорти, каратэ, ўқ отиш, камондан отиш, таэквондо WT, замонавий бешкураш ва регби федерациялари мутасаддиларининг фикрлари бирма-бир тингланиб, муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.

ЎзА