АММАН ШАҲРИДА БЎЛИБ ЎТГАН ҚИЛИЧБОЗЛИК БЎЙИЧА ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАРИНИ РАСМИЙ ТАБРИКЛАШ МАРОСИМИ ЎТКАЗИЛДИ

АММАН ШАҲРИДА БЎЛИБ ЎТГАН ҚИЛИЧБОЗЛИК БЎЙИЧА

ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАРИНИ РАСМИЙ ТАБРИКЛАШ МАРОСИМИ ЎТКАЗИЛДИ

 

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоа аъзолари жорий йил 26 февралдан 9 мартгача Иорданиянинг Амман шаҳрида бўлиб ўтган кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё Чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, қиличбозликнинг сабля йўналишидаги беллашувларда ўғил ва қизболалар жамоалари яккалик ҳамда жамоавий баҳсларда бронза медалини қўлга киритиб, ғалаба шоҳсупасининг 3-ўрнини эгалладилар.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ташаббусига биноан жорий йил 13 март куни Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда мазкур Осиё Чемпионати ғолиб ва совриндорларини расмий табриклаш маросими ўтказилди.

Шу куни тадбирнинг иккинчи қисмида эса, ОАВ вакиллари учун 2021 йилда Ўзбекистонда илк маротаба қиличбозлик бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё Чемпионати ўтказилишига бағишланган Матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.

Айтиш керакки, бу мусобақаларда ёш ўзбек қиличбозлари муваффақиятли қатнашдилар. Шахсий биринчилик беллашувларида Шерзод Мамутов бронза медали совриндори бўлди.

​Жамоавий беллашувларда ҳам Жалолиддин Душамбоев, Пазилбек  Генжабаев, Шерзод Мамутов ва  Бобур Расуловдан иборат сабля бўйича терма жамоамиз аъзолари бронза медаллари билан тақдирланиб, мазкур турнирда 3-ўринни эгалладилар.

    Эътиборлиси, ушбу Осиё Чемпионатидаги беллашувларда жанг олиб борган саблячи қизларимиз ҳам шоҳсупага кўтарилиб, улар чорак финалда анча жиддий ҳисобланган сингапурлик рақибаларини 45:44 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Ярим финалда эса Жанубий Корея термасига имконият бой берилди, якунда эса қизларимиз шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишди. Қўшимча рейтинг очколари учун ярим финалнинг нариги жуфтлигида мағлуб бўлган япониялик ёшларга қарши баҳс ўтказилиб, унда 45:31 ҳисобида вакилаларимизнинг қўли баланд келди.

Мусобақада Айсулу Уснатдинова, Севинч Исмоилова ҳамда Зайнаб Дайибекова каби қизларимиз терма жамоа шарафини ҳимоя қилишди.

Эслатиб ўтамиз, кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё қиличбозлик чемпионатида 34 та Осиё ва Океания давлатларидан 700 дан ортиқ қиличбозлар қатнашди.

Қиличбозлик Федерация томонидан ўтказилган тантанали тадбир ҳамда Матбуот анжуманида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бўйича бош бошқарма вакиллари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўқитувчи ва талабалари, қиличбозлик фахрийлари, мураббийлар, спортчилар ва уларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил март ойидаги Ўзбекистон спортчиларининг 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган-32 XXXII ёзги Олимпия ва 16-XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш юзасидан ПҚ-2821-сонли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қиличбозлик спортини янада ривожлантириш, спортчиларнинг машғулот ўташлари ҳамда мусобақа ва халқаро турнирларга пухта тайёргарлик кўришлари учун янада кулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида Ўзбекистон қиличбозлик Федерацияси томонидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳусусида тўхталиб ўтилди.

Таъкидлаш керакки, 2017/2018 йй. қиличбозларимиз (сабля, шпага, рапирада) Жаҳон Кубоклари, Осиё ва Жаҳон Чемпионатлари, шунингдек рейтингга эга бўлган бошқа халқаро турнирларда, жами 53та мусобақаларда иштирок этишди, бу эса ўтган 2016 йилдаги халқаро муосбақаларга қатнашиш сонига солиштирганда деярли уч баробарга ортганини кўрсатмоқда

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар томонидан бу каби халқаро мусобақаларда ёш қиличбозлар томонидан эришилаётган яхши кўрсаткичларда, албатта юртимизда ёшлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда бевосита мураббийларнинг беқиёс хиссаси борлигини таъкидлаб ўтишди.

Тадбирда барча ғолибларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг, тадбирнинг иккинчи қисмида ОАВ вакиллари учун 2021 йилда Ўзбекистонда илк маротаба қиличбозлик бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё Чемпионати ўтказилишига бағишланган Матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.

Айтиш керакки, мамлакатимизда қиличбозлик бўйича нуфузли Халқаро мусобақаларни, аввало, ҳукуматимиз ҳамда қатор тегишли вазирлик ва идоралар ОАВ билан ҳамкорликда юқори савияда ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани Ўзбекистоннинг жаҳондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Бунга яққол мисол қилиб Халқаро қиличбозлик федерацияси—ФИЕ қарорига биноан 2015 йилда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Жаҳон чемпионати, 2018 йилда бўлиб ўтган эркаклар ўртасида шпага бўйича халқаро Саттелит ҳамда сабля йўналишида ўсмир қизлар ўртасидаги Жаҳон Кубоги босқичининг айнан мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтганлигини таъкидлаш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.02.2019й. 9I-Ф– сонли қарорига асосан 2019 йил 15-17 февраль кунлари Тошкентда қиличбозлик спорт тури бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасида Марказий Осиё қиличбозлик Конфедерациясининг I Очиқ Чемпионати ўтказилди.

Қуворнарли жиҳати, ушбу мусобақаларда ўзбек қиличбозларининг мутлоқ ғалаба қозониб, олтин, кумуш ва бронза медалларига  муваффақ бўлдилар. Ўзбек қиличбоз — спортчи қизларнинг эса, нуфузли халқаро Жаҳон Кубогида кумуш медалга сазовор бўлганлиги дунёдаги энг машхур, қиличбозлик бўйича йирик экспертлар ва миллий Федерацияларнинг эътирофи ва эътиборига тушди.

Бугунги кунда мазкур халқаро даражадаги нуфузли мусобақаларни талаб даражасида ва юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси респупбликамиздаги қатор вазирлик ва мутасадди ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали ишларини олиб бормоқда.

Шундан келиб чиқиб, 2018 йилда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси қиличбозлик бўйича 2021 йилда ўсмирлар ва кадетлар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионатини илк маротаба Ўзбекистонда ўтказиш учун Осиё қиличбозлик Конфедерациясига талабнома топширган эди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё қиличбозлик Конфедерацияси (FCA) Халқаро қиличбозлик Федерацияси (FIЕ) билан мувофиқликда қиличбозлик бўйича Осиё Чемпионати, А категориясидаги мусобақа ва Гран-при, мурабблий ва судьялар учун семинар ҳамда имтиҳонлар ўтказишга розилик беради. Шунингдек, Осиё қиличбозлик Конфедерацияси (FCA) Осиё Олимпия кенгаши ҳамда Халқаро қиличбозлик Федерацияси (FIЕ) билан мувофиқликда Осиё ўйинларида қиличбозлик бўйича мусобақаларга рухсатнома беради.

2019 йил 28 февральда бўлиб ўтган Осиё қиличбозлик Конфедерацияси (FCA) Конгрессида 34та Осиё ва Океания давлатлари миллий қиличбозлик федерацияларининг раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Мазкур (FCA) Конгрессида ЎҚФ номидан федерация бош котиби Г.Саидова қатнашиб, мамлакатимиз спорт имкониятлари ва салоҳиятини кўрсатиб берувчи видео ролик ва бошқа тарқатма материаллар билан тақдимот ўтказди. Осиё қиличбозлик Конфедерацияси (FCA) Конгресси иштирокчилари якдиллик билан қиличбозлик бўйича 2021 йилда ўсмирлар ва кадетлар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионатини Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтишига овоз берди.

Шундай қилиб, 2021 йилда мамлакатимиз илк маротаба қиличбозлик бўйича Осиё Чемпионатига мезбонлик қилади.

Бу каби нуфузли халқаро мусобақаларнинг юртимизда ўтказилиши шубҳасиз, Ўзбекистоннинг жаҳон ареналаридаги имиджи ва нуфузини мустаҳкамлашга, спорт орқали туризм соҳасини ривожланиши, мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини ўсишига ижобий таъсир этади. Шу билан бир қаторда жаҳон андозалари ва талабларига мос бўлган, йирик халқаро мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган янги ва замонавий спорт иншоотларининг қурилиши, логистика масалалари билан боғлиқ бўлган транспорт ва қулай йўналишларни ташкил этиш ва бошқа кўплаб масалалар ечимига ҳам ўз таъсирини ўтказади.

 

 

 ЎҚФ матбуот хизмати