Аввал хабар берганимиздек, каратэ бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг ўқув-машғулот йиғинлари Тошкент вилоятида жойлашган “Ширинбулоқ” спорт-соғломлаштириш базасида давом этмоқда. Навбатдаги интервью йиғинда бўлиб турган терма жамоамиз шифокори Баҳриддин Аҳмедов билан бўлиб ўтди.

– Машғулотларда спортчиларнинг тиббий таъминоти қай даражада йўлга қўйилган?
– Ўқув-машғулот жараёнида спортчиларни тиббий жиҳатдан таъминлаш ва кузатиб бориш ишлари тўғри йўлга қўйилган. Зарур бўлган барча тиббий-биологик қайта тикловчи дори воситалари захираси шакллантирилган.

– Машғулотлар жараёнида бир кунлик иш тартибингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз…
– Спорт шифокорининг иш куни эрта тонгдан бошланади. Дастлабки иш – спортчиларнинг қон босими, пульси, нафас сонини ўлчаш бўлади.
Соат 8:00да эрталабки нонушта. Бунда спортчиларнинг овқатланиши ва маҳсулотларнинг сифати диетолог билан ҳамкорликда назорат остида бўлади.
Соат 10:00да эрталабки машғулотлар бошланади. Унда ҳар бир спортчи индивидуал кузатиб турилади. Зарур бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Тушликдан сўнг, спортчиларнинг соғлиғи кўздан кечирилади ва уларнинг шикоятларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилади. 17:00 да кечки машғулот.
Соат 20:00дан кечки физиотерапевтик муолажалар бошланади. Бу вақтда спортчиларни кейинги кунги машғулотларга тайёрлаш ва орттирилган кичик жароҳатларни даволаш учун фармакологик қайта тикловчи ва физиотерапевтик воситалар қўлланилади.
Соат 22:00да спортчиларнинг уйқу вақти. Шундай қилиб, жамоа шифокорининг бир кунлик иш куни ўз ниҳоясига етади. Бир сўз билан айтганда, жамоа шифокорининг иш вақти чегараланмаган.

– Спортчиларда жароҳат билан боғлиқ қандай муаммолар мавжуд?
– Спортчиларимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, уларда ҳеч қандай жиддий муаммо йўқ. Ўзингиз биласиз машғулотларда энг муҳими жароҳатланишнинг олдини олиш. Шукурки, барчалари соғ ва жиддий жароҳатга йўлиққанлар мавжуд эмас.

– Терма жамоа аъзолари ва шифокор ўртасидаги муносабат қай даражада?
– Жамоамиз аҳил-иноқ ва бир оиладек. Каратэчиларимиз менга ишонишади. Мен ҳам уларга ишонаман. Шифокор учун ҳам бу жуда муҳим. Қандай дори препаратидан фойдаланиш борасида мен билан ҳар доим маслаҳатлашишади. Муносабатларимиз аъло даражада. Жамоамизда барча бир-бирини ҳурмат қилади ва ўзаро ишонч руҳи шаклланган.

– Соғлом турмуш тарзи ва профилактика нимадан иборат бўлиши карак?
– Умуман олганда, профилактика – бу бир алоҳида катта йўналиш. У инсон қалби ва руҳининг поклиги ҳамда тўғри овқатланиш билан бошланади. Яъни, сифатли маҳсулотларни тўғри истеъмол қилишга, бадан тарбия билан ўз вақтида шуғулланишга боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, машғулотларда 12 нафар спортчимиз иштирок этмоқда. Машғулотлар терма жамоамиз бош мураббийи Дилноза Бакирова ва катта мураббий Ўктам Бекпўлатов бошчилигида ўтказилмоқда. Атлетларимизнинг саломатлиги мутахассислар назоратида бўлиб турибди. ЎМЙ 29 сентябрь кунига қадар давом этади.