Ўзбекистон терма жамоаси – фаҳрий шоҳсупада

17-18 ноябрда Ўзбекистон қиличбозлик спорти тарихида биринчи марта Республика гимнастика бўйича олимпия заҳираси болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўсмир қизлар ўртасида қилич бўйича Жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли халқаро турнирда жаҳоннинг 34 мамлакати спортчилари ва вакиллари иштирок этди.

17 ноябрда карнай ва сурнайларнинг тантанали садолари қиличбозлик спорти катта байрами бошланаётганидан дарак берди. Ўзбекистон санъат усталари ўзларининг жозибадор қўшиқлари ва рақслари билан мусобақа  қатнашчилари ва томашабинларини табриклашди. Шундан сўнг қиличбозлик залига  ўсмир қизлар ўртасида қилич бўйича Жаҳон кубоги иштирокчи давлатларининг байроқлари олиб чиқилди.

Жаҳон кубоги халқаро турнирининг тантанали очилиш  маросимида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев, Ўзбекистон Олимпия қўмитасининг президенти У.Аҳмаджонов, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг раиси Р.Шоабдураҳмонов сўзга чиқдилар. Улар давлатимиз томонидан спортни, шу жумладан қиличбозликни ривожлантиришга жуда катта эътибор берилаётганлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев аҳолининг кенг қатламларини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёш авлодни жисмонан соғлом қилиб тарбиялаш, мамлакатимизни халқаро спорт майдонларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни таъминлашга эътиборни кучайтириш заруратини уқтирмоқда.

Халқаро қиличбозлик  федерацияси томонидан мамлакатимизга бир йўла иккита нуфузли халқаро мусобақалар – эркаклар ўртасида шпага бўйича “Сателлит” халқаро турнири ва ўсмир қизлар ўртасида қилич бўйича Жаҳон кубоги мусобақалари  ўтказилишининг ишониб топширилиши Ўзбекистон раҳбарияти томонидан жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан спортнинг олимпия тури - қиличбозликни ривожлантиришга жуда катта эътиборининг ёрқин эътирофидир.

17 ноябрда  ўсмир қизлар ўртасида қилич бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларининг биринчи турида қуйидаги спорчилар иштирок этди:

Россия

 

  1. А.Михайлова
  2. В.Кобзева
  3. А.Шорохова
  4. А.Королёва
  5. А.Елкина
  6. А. Кудряева

7.А.Ванкова

8. А.Смирнова

9. С.Королёва

10. Д.Дрозд

11. М.Ильина

12. А.Афанасьева

 

Германия

 

  1. Л. Гетте
  2. Ж.Функе
  3. М.Вескер

4.А.-Л.Буеркет

 

Болгария

 

  1. И.Илиева
  2. Т.Вутова
  3. С. Недюлкова
  4. Э.Станимирова

 

Қозоғистон

 

  1. М.Ботирбекова
  2. С.Скичева
  3. А.Оспанова

 

Молдова

 

  1. Н.Бугаевская
  2. Е.Горовет

 

Иордания

 

1. А.Амави

2. Аян Абу Кудра

 

Туркманистон

 

  1. Х.Бердиева
  2. Г.Таирова

 

Исроил

 

  1. О.Гелад
  2. Э.Морозова

 

Тожикистон

 

  1. М.Ҳамидоваа
  2. О.Пўлатова

 

Хорватия

 

               З.-М.Болдо

 

Камерун

 

                                              Ю.Лиза

 

Вьетнам

 

                                                    Хунг Зи Хан

 

Ўзбекистон

 

  1. З.Дойибекова
  2. С.Исмаилова
  3. А.Усамитдинова
  4. Ш.Тоғаймуродова
  5. Г.Есемуратова
  6. О.Феньютина
  7. В.Исроилова

8. З.Камолова

9. Ҳ.Бердиева

10. Н.Хошимова

11. С.Худойберганова

12. С.Мирзиёдова

13. Ч.Тоғаймураоова

 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки ўсмир қизлар ўртасида қилич бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларига курраи заминимизнинг энг кучли спортчилари келди. Жумладан,  россиялик Алина Михайлова 2018 йилги Европа чемпиони, 2018 йилги жамоавий мусобақаларда жаҳон чемпиони унвонларига эга бўлиб, Халқаро қиличбозлик федерациясининг рейтингида  иккинчи ўринни эгаллаб турибди.  Россиялик яна бир қиличбоз спортчи қиз Анна Кудряева 2017 йилда кадетлар ўртасида жаҳон чемпиони, 2018 йилда эса  Россия чемпиони бўлган. Ана шу жамоа аъзоси Валерия Кобзева 2018 йилги жаҳон чемпиони ва 2018 йилги жамоавий мусобақаларда ҳам жаҳон чемпионидир. Германиялик Лиза Гетте  Халқаро қиличбозлик федерациясининг рейтингида бешинчи ўринни, кадетлар ўртасида Европа вица-чемпиони, 2018 йилда Сочида бўлиб ўтган  Жаҳон кубоги мусобақаларининг ғолиби болгариялик Иона Илиева – еттинчи, германиялик Жулика Функе – тўққизинчи ўринни эгаллайди. Ҳеч бир муболағасиз улар ҳозирги пайтда ўсмир қизлар ўртасида қилич бўйича  жаҳон қиличбозлик спортининг етакчиларидир.

Ўсмир қизлар ўртасида Жаҳон кубоги мусобақаларида хакамлик қилиш тажрибали хакамлар – халқаро тоифадаги судьялар Маркус Шульц (Германия), Андрей Алшан ва  Наил Насимов (Россия), Абдусамат Арслан (Туркия), Роман Береутер (Австрия), Рарес Диметреску (Руминия), Михаил Пагхиев (Молдова), Евгений Дьякокин (Қозоғистон), Орик Бериев (Ўзбекистон)  топширилди.

Бу ўринда Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг спортнинг софлиги, беллашувларнинг ҳалол ўтишига  алоҳида эътибор қаратганини таъкидлаш керак. Мамлакатимизда Жаҳон кубоги мусобақлари олдидан терма жамоамизнинг барча спортчилари икки марта халқаро допинг назоратидан ўтказилди.

Ўсмир қизлар ўртасида қилич бўйича Жаҳон кубогининг шахсий биринчилиги финалнинг 1/64  босқичидан бошланди.

Дастлабки жангларда ўз рақибларини мағлубиятга учрата олган миллий терма жамоамизнинг олти аъзоси – Ч.Тоғаймуродова, Ш.Тоғаймуродова, А.Усамитдинова, З.Дойибекова, Г.Есемуротова, С.Исмоилова мусобақаларнинг 1/32-босқичига чиқди. Бироқ мусобақаларнинг ушбу босқичида фақат С.Исмоилова вьетнамлик Хунг Зи Хан ни 15:11 ҳисобида мағлубиятга учрата олди.  Аммо беллашувларнинг бундан кейинги босқичларида Севинч Исмоиловага ҳам омад кулиб боқмади. Пировард натижада қиличбоз қизларимиз ўртасида  шахсий биринчиликда  у эришган 9-ўрин энг юқориси бўлди.

Шахсий биринчилик мусобақларининг ярим финалига Россиянинг уч вакиласи – Алина Михайловна, Валерия Кобзева ва Анна Кудряева ҳамда болгариялик Иона Илиева чиқди. Финалда эса  рақибларини таслим эта олган  Иона Илиева ва Валерия Кобзева учрашди. Кескин курашлар билан ўтган жангда Иона Илиева Валерия Кобзева устидан 15:11 ҳисобида устун келди. У ўсмир қизлар ўртасида Жаҳон кубогининг чемпиони бўлди, иккинчи ўрин Валерия Кобзевага насиб этди, фахрий шоҳсупанинг учинчи поғонасига жамоадошлар Алина Михайловна ва Анна  Кудряева кўтарилишди.

Мусобақа ғолибларига мукофотларни икки карра жаҳон чемпиони ва икки каррра Олимпия ўйинларининг чемпиони Чабо Бенси, Ўзбекистон Олимпия қўмитасининг Бош котиби Ж.Матжонов ва Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг раиси Р.Шоабдураҳмонов топширдилар.

Қилич бўйича ўсмир қизлар ўртасида Жаҳон кубоги ғолибаси шарафига Болгариянинг давлат мадҳияси янгради.

18 ноябрда ўсмир қизлар ўртасида қилич бўйича Жаҳон кубогининг жамоавий мусобақалари бўлиб ўтди. Бу мусобақаларда етти: Россия, Германия, Қозоғистон, Болгария, Молдова, Исроил ва Ўзбекистон жамоалари иштирок этди.

Мусобақаларнинг чорак финалида Германия терма жамоаси исроилликларни осонгина 45:6 ҳисобида, Болгариянинг қиличбоз ўсмир қизлари эса Қозоғистон терма жамоасини 45:25 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўзбекистон ва Молдова терма жамоалари ўртасидаги мусобақа жуда кескин давом этди. Қиличбоз қизларимиз рақибларининг астойдил қаршилик кўрсатганларига қарамасдан, катта маҳорат ва матонат кўрсатиб  45:36 ҳисобида устун келишди. Россия терма жамоаси эса тўғридан-тўғри ярим финал мусобақларига қўшилди. Улар ана шу босқичда Болгария спортчи қизларини 45:39 ҳисобида мағлубиятга учратдилар.

Ярим финалда ўзбекистонлик қиличбоз қизлар жуда номдор ва кучли рақиблари – немис спортчилари билан матонатли кураш олиб бордилар ва кўпчилик учун ҳеч кутилмаган ҳолда уларни 45:37 ҳисобида таслим эта  олишди.  Бу ўринда Германия терма жамоаси Халқаро қиличбозлик федерациясининг рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаб турганликлари ҳисобга олинса, мамлакатимиз спортчиларининг зафари салмоғи янада ойдинлашади.

Натижада Жаҳон кубоги жамоавий мусобақаларининг финалида Россия ва Ўзбекистон қиличбоз ўсмир қизлари кураш олиб борди. Ўзбекистонлик спортчилар жаҳонда энг кучли ҳисобланган россиялик рақиблари билан тенгма-тенг жанг қилишди, лекин пировардида бой тажриба ва юксак маҳорат ўз самарасини кўрсатди. Россия терма жамоаси  45:38 ҳисобида устун чиқди ва Жаҳон кубогининг ғолиби бўлди.

Миллий терма жамоамизнинг қиличбоз ўсмир қизлари Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Жаҳон кубоги фахрий шоҳсупасининг иккинчи поғонасига кўтарила олишди. Терма жамоамизнинг бу жуда катта муваффиқиятга эришишини Севинч Исмоилова, Зайнаб Дойибекова, Чаросхон Тоғаймуродова ва Ойсулув Усамитдинова таъминлашди. Уларни Республика гимнастика олимпия заҳиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаби трибуналарини тўлдирган кўп сонли спорт иҳлосмандлари қизғин қутлашди.

Эришилган бу ғалаба Ўзбекистон терма жамооасига Халқаро қиличбозлик федерациясининг рейтингида бирданига 8 поғонага кўтарилиб, 12-ўринни эгаллашини таъминлади.

Жаҳон кубоги мусобақаларида учинчи ўринни болгариялик рақибларининг қаршилигини 45:32 ҳисобида енгган Германия жамоаси эгаллади. Жамоавий мусобақларда бешинчи ўрин қозоқ спортчи қизларини 45:37 ҳисобида мағлубиятга учратган Молдова ўсмир қиличбоз қизларига насиб  этди.

Жаҳон кубоги жамоавий мусобақаларининг ғолибларига мукофотларни Ўзбекистон олимпия қўмитасининг Бош котиби Ж.Матжонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари О.Қосимов ва Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг раиси Р.Шоабдураҳмонов топширди.

Жаҳон кубоги мусобақаларига ташриф буюрган  миллий қиличбозлик федерацияларнинг раҳбарлари ўзбек халқининг меҳмондўстлигини, нуфузли халқаро мусобақалр эса юксак даражада ташкил этилганлигини мамнуният билан фад этдилар. Жумладан Малайзия қиличбозлик федерациясининг президенти Русни Абу Хассаннинг таъкидлашича, Жаҳон кубоги мусобақаларининг ташкил этилиши энг юқори халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу эса Ўзбекистоннинг қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатини ҳам муваффақиятли ўтказиш имкониятига эгалигини кўрсатди.