Қиличбозлик спортининг катта байрами

Қиличбозлик спортининг  катта байрами

 

11 ноябрда Республика бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар олимпиа заҳиралари спорт мактабида Халқаро қиличбозлик федерациясининг эркаклар ўртасида шпага бўйича “Сателлит” турнири мусобақалари бўлиб ўтди.

Қиличбозлик спортининг бу катта байрами бошланаётганлигидан карнай ва сурнайларнинг тантановар садолари хабардор қилди. Ўзбекистон эстрадасининг таниқли намояндалари ва раққосалари ўзларининг жозибали ашулалари ва рақслари билан ушбу байрам қатнашчиларини қутлашди. Шундан сўнг қиличбозлик залига халқаро турнирда иштирок этаётган мамлакатлар байроқларини баланд кўтарган ҳолда қизлар кириб келди.

Халқаро қиличбозлик федерациясининг эркаклар ўртасида шпага бўйича “Сателлит” турнири мусобақаларида қуйидаги мамлакатларнинг терма жамоалари аъзолари иштирок этди:

 

Индонезии:

1. М.Харяна

2. А.Вахуй

3. Э.Виллиасан

4. С.Априло

5. С.Юсуф

Қозоғистон:

1. И.Анорқулов

2. С.Ахенов

3. В.Дуплякин

4. В.Муридов

5. А.Пенкин

6. У. Сотиболдиев

Қирғизистон:

1. Н.Кулиев

2. Н.Маткаримов

3. Д.Маркин

4. Д.Зхумибай улли

Тожикистон:

1. С.Мирзаев

2. Р.Насимов

3. Б.Нуров

4. Ш.Нуралиев

5. В.Воронин

Туркманистон:

1. В.Воронин

Ўзбекистон:

1. Р.Александров

2. Ф.Алимов

3. С.Алимов

4. Х.Азимбоев

5. Э.Кагиров

6. И.Князев

7. М.Кремнев

8. М.Мўминов

9. Н.Мўминов

10. А.Насириддинов

11. Ж.Нурматов

12. С.Собиров

13. О.Соколов

 

Мусобақаларда шунингдек Халқаро қиличбозлик федерацияси байроғи остида иштирок этаётган, Қувайтда истиқомат қилаётган покистонлик А.Сайиддин қатнашди.

Турнирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбексистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари О.Қосимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Ш.Мўминов, Ўзбекистон Олимпиа қўмитасининг Бош котиби Ж.Матчонов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Хаджизадаев, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг раиси Р.Шоабдураҳмонов сўзга чиқдилар.  Улар ушбу нуфузли мусобақалар нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам биринчи маротаба бўлиб ўтаётганлигини мамнуният билан қайд этдилар. Бу Халқаро қиличбозлик федерациясининг Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг жисмоний тарбия ва спортга, шу жумладан спортнинг олимпия тури – қиличбозликка катта эътиборининг эътироф этилишидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жисмоний тарбия ва спорт аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялашга хизмат қилаётганлигини, олий спорт маҳорати соҳасида мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонида муносиб иштирокини таъминлашини таъкидлаб келмоқда.

Халқаро турнир тантанали очилгандан сўнг тўртта қиличбозлик йўлагида шпагачиларнинг жанглари бошланиб кетди. Кескин кураш натижаларида мусобақанинг ярим финалига Ўзбекистон терма жамоасининг уч вакили -  Файзулло Алимов, Нодирбек Мўминов ва Роман Александров, шунингдек Индонезия терма жамоасининг аъзоси Энгги Виллиасан  чиқдилар.

Финалга чиқиш учун беллашувлар натижада ўз рақибларини мағлубиятга учратган мезбонлар Файзулло Алимов ва Роман Александровнинг қўллари баланд келди. Бу ўринда ярим финалда Индонезия терма жамоасининг аъзоси Энгги Виллиасаннинг  матонатини алоҳида таъкидлаш зарур. У Файзулло Алимов билан бўлган жангда  жароҳат олганлигига қарамасдан курашни давом эттириш учун ўзида куч-қувват топа олди.

Финал баҳсида  2018 йилги Осиё чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлган Файзулло Алимов 15:7 ҳисоби билан ишонарли ғалабани қўлга киритди. У Халқаро қиличбозлик федерациясининг эркаклар ўртасида шпага бўйича “Сателлит” турнирининг чемпиони бўлди. 2018 йилги Осиё чемпионатининг бронза медали совриндори Роман Александровга кумуш медаль топширилди. Бронза медаллари билан ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони Нодирбек Мўминов ва ёшлар ўртасида Индонезия чемпиони, терма жамоа аъзоси Энгги Виллиасан тақдирланди.

 Ғолибларга мукофотларни Қирғизистон қиличбозлик федерациясининг президенти О.Қосимов, Қозоғистон қиличбозлик федерацияси президентининг ўринбосари Р.Кичиков ва Ўзбекистон Жисмоний тарбия спорт вазирининг ўринбосари Ш.Мўминжонов топширдилар.