Қиличбозларимиз “Сателлит” турнирига тайёр

Қиличбозларимиз “Сателлит” турнирига тайёр

Президентимизнинг 2021 йил 5 ноябрдаги “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Пахтакор” спорт мажмуаси залида машғулотларни юқори савияда ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Замонавий қиличбозлик йўлакчалари, электрофиксатор, халқаро талабларга жавоб берадиган спорт жиҳозлари билан таъминланган.

Мазкур спорт тури билан шуғулланувчи ёшлар учун яратилаётган бундай имкониятлар келгусида ўз натижасини кўрсатиб, спортчиларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатларида, Олимпия ва Осиё ўйинларида юқори натижаларга эришишига хизмат қилмоқда.

Буни Ханчжоу шаҳрида ўтган ХIX Осиё ўйинлари мисолида ҳам кўрдик. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган 17 ёшли Дилноз Муртазоева шпага йўналишида, Зайнаб Дайибекова сабля йўналишида бронза медалларини қўлга киритди.

Шунингдек, мамлакатимиз тарихида Ўзбекистон аёллар термаси жамоавий баҳсларда олтин медалга сазовор бўлди.

14-15 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Сателлит” халқаро турнирида ҳам вакилларимиз муваффақиятли иштирок этиб, юксак марраларни забт этишига ишонамиз.

Дарвоқе, эртага, 14 октябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” спорт мажмуаси ва “Ёшлик” қиличбозлик спорт залларида қиличбозлик спортининг рапира тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида “Сателлит” халқаро турнири бошланади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз қиличбозлик федерацияси томонидан ташкил этилаётган мазкур мусобақада ҳамюртларимиздан ташқари Aвстрия, Жазоир, Хорватия, Буюк Британия, Гонконг, Қозоғистон, БAA, Гана, Ирландия, Италия, Сенегал, Швейцария каби мамлакатлардан ташриф буюрган юзга яқин қиличбозлар рақобатлашади.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу турнирда совринли ўринларни эгаллаган спортчилар “Париж-2024" Олимпиадасининг муҳим лицензион рейтинг очколарига эга бўлади.

Мазкур мусобақада қизлар ўртасида Мафтунабону Давронова, Умида Илёсова, Робияжон Иминова, Рада Қосимова, Дурдона Мадаминжонова, Комила Мирзаева, Ойдиной Наимшерова, Маржона Усмоновадан ташкил топган терма жамоамиз баҳсларга киришади.

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси сафида эса Файзуллахўжа Алимов, Муҳаммад Юсуф Асранов, Илёсбек Марипжонов, Жамолиддин Марипжонов, Муслимбек Мирзаолимов, Илёс Молина, Хушнудбек Мўминов, Дониёр Саъдуллаев, Радмир Семенеев, Аҳмадуллохон Солихожиев, Анвархон Солихожиев ва Улуғбек Усмонов медаллар ва муҳим рейтинг очкоси учун беллашади.

Ушбу нуфузли мусобақага терма жамоамиз аъзолари пойтахтимизда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинида Виталий Маленкин ва Дониёр Нугуманов қўл остида шуғулланди.

Ўзбекистон қиличбозлик федерaцияси ва қатор ташкилотлар томонидaн “Сателлит” халқаро турнирини юқори сaвиядa ўткaзиш, мусобaқa тaшкил этилaдигaн спорт мaжмуaлaрининг хaлқaро стaндaртлaргa мос келишини тaъминлaш бўйичa изчил ишлaр олиб борилди.

Бугун мамлакатимиз ҳар қандай спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этишга қодир давлатлар қаторида юқори ўринларда бораётгани юртимизда спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/qilichbozlarimiz-satellit-turniriga-tayyor_528329