Ватанпарварлик туйғуси

ВАТАНПАРВАРЛИК САДОҚАТ ОРҚАЛИ НАМОЁН БЎЛАДИ

Инсон ўзининг ўтмиш, кечаги кун ҳақидаги хотиралари билан барҳаёт, қадр-қиммати билан осмондек улуғ.

Зеро, осмонимиз мусаффолиги, эл юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида фашизмга қарши мардларча курашган Ватан фидойилари хотирасини ёд этиб, эзгу ишларни давом эттириш нафақат халқимизга, балки, тинчликни қадрловчи ҳар бир инсонга хос фазилатдир.

Бу йил фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаймиз. Уруш тугаганига бир асрга яқин вақт ўтган бўлса-да, унинг кишилар қалбига солган жароҳати, жабру ситамлари ҳали-ҳануз унутилганича йўқ.

Фашистлар Германияси устидан ғалабани таъминлашда ўзбек халқининг ҳам ниҳоятда катта ҳиссаси бор. Ўзбекистон халқларининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, уларнинг фашизм устидан қозонган ғалабага қўшган ҳиссасини холисона ва адолат нуқтаи назаридан ўрганиш, ўзбекистонликларнинг фрон ва фронт ортида иккинчи жаҳон урушида қўлга киритилган ғалабага қўшган ҳиссасини ёшларга тўлақонли етказиш орқали уларда Ватанга муҳаббат ва ватанпарварлик позициясини шакллантириш келажак авлод учун ҳам ниҳоятда зарурдир.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатларини унутмасликка, тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга, шунингдек, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда.

XX аср башарият тақдирида Иккинчи жаҳон урушининг ўчмас асоратлари билан доғ қолдирди. Айниқса, олти йил давом этган даҳшатли қирғинбарот 50 миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. 90 миллиондан зиёд одамни ярадор ва майиб-мажруҳга айлантирди. Уруш йилларида хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллион одам, жумладан, 300 минг етим қолган болани Ўзбекистон очлик ва ўлимдан сақлаб қолган.

Халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштирокини фақат фронтдаги жанглар ва фронт ортидаги машаққатли меҳнат билангина чегаралаш тўғри эмас. Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ҳудудларидан юртимизга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган халқимиз ўзининг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди.

Иккинчи жаҳон уруши халқимиз иродаси ва сабр-матонатини яна бир бор синовдан ўтказди. Аҳоли ҳам ҳар қандай синовга мардларча бардош бериб, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб улушини қўшди.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш зарурки, ғалабага катта ҳисса қўшганларнинг кўпчилиги ёшлар эди. Аммо, ачинарлиси шуки, бугун жиноят кўчасига кириб, қабиҳ ишларни содир этаётганларнинг аксарияти ҳам ёшлардир. Бу ёшлар вақтини бекорга сарфлаб, кунларини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда.

Жаҳон ёшлари орасида ишсизлик муаммоси ҳам бугунга келиб энг долзарб мавзуга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизда ҳам 700 минг нафарга яқин ишсиз йигит-қиз мавжуд. Энг ачинарлиси, уларнинг айримлари иш топиш борасида қайғурмайди ҳам. Яна бир манбага кўра, мамлакатимиздаги ёшларнинг 650 минг нафари “уюшмаган”. Айнан шу “уюшмаган” ёшлар бирданига катта пул топиш умидида “Хорижда иш топаман” деб йўлга чиқмоқда, охир оқибат “Одам савдоси” аталмиш жирканч жиноятнинг қурбонига айланмоқда. Албатта, ўзининг фикрига эга бўлмаган, ким нима деса, шунга эргашиб кетадиган, бошқача қилиб айтганда, мафкуравий иммунитети суст бўлган ёшлардан бундан ҳам аянчли натижаларни кутиш мумкин. Ўз ўрнида бу каби муаммолар бошқа давлатларга ҳам тегишли.

Айнан “уюшмаган” ёшларда ватанпарварлик позициясини шакллантириш, уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш учун уларга Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари келтирган даҳшатли оқибатлар, умуман уруш фожиаси ҳақида сўзлаб бериш, уруш давридаги ёшлар қаҳрамонликлари билан таништириш фойдадан холи бўлмайди. Зеро, улар билан танишган ҳар бир шахс бугун озод юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиши керак. Иккинчи жаҳон уруши давомида фашизмга қарши курашда қатнашган ўзбекистонликлар номларини абадийлаштириш, ёш авлодни ота-боболари кўрсатган жасоратлар намунасида тарбиялаш – бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари босиб ўтган йўл ўзбек халқининг ҳақиқий жасорати ва матонати тимсоли. Бу қаҳрамонларнинг машаққатли ҳаёти, жангларлар ва фронт ортидаги жасорати, айниқса аёлларнинг садоқати ва матонати ҳақидаги ҳикояларни тарбиявий соатларда, маънавият дарсларида ўқувчиларга қанча кўп гапириб берсак шунча кам. Уларни арзимаган сабаб билан оиласини пароканда қилаётган келинлар ва қайноналарга ҳамда ҳаётнинг озгина синовларига бардош бера олмаётган айрим уюшмаган ёшларга намуна қилиб кўрсатишимиз керак. Ана шунда вафо, садоқат, ватанпарварлик деган фазилатлар қалбларни тарк этмайди, турли бузғунчиликларнинг олди олинади.

М.СОБИРОВА, маънавият-маърифат тарғиботчиси.

“Истиқбол” газетасининг 2021 йил 29 апрель 17-сонидан.

https://t.me/istiqbolgazetasi