Янгиобод"да ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилмоқда

Қиличбозликнинг сабля ва шпага йўналиши бўйича миллий терма жамоа аъзолари “Янгиобод"да ўқув-йиғин машғулотларини ўтказишмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ-2821-сон қарори ижросини таъминлаш  мақсадида, қиличбозликнинг сабля ва шпага йўналиши бўйича миллий терма жамоа аъзолари иштирокида 2021 йил 4-14 май кунлари  Тошкент вилоятида жойлашган “Янгиобод Республика ўқув-машғулот спорт базаси”да  ўқув-машғулот йиғини ўтказилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мазкур йиғин ва спорт тадбирлари жараёнида коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш бўйича тузилган Республика махсус комиссиясининг қарорига қатъий риоя этилмоқда. терма жамоамиз аъзоларининг саломатлигига масъул бўлган Ўзбекистон қиличбозлик Федерациясининг спорт шифокори М.Мусаев спортчиларнинг саломатлиги, жисмоний ва руҳий ҳолатини мунтазам кузатиб бормоқда.

Муҳими, сўлим тоғлар ёнбағрида жойлашган "Янгиобод" спорт базасида қиличбозларимиз учун нафақат ўқув машғулотлар ўташлари, балки уларнинг дам олишлари учун ҳам барча шароитлар яратилган.

Қиличбозликнинг сабля ва шпага тури бўйича терма жамоалар йиғинга ўзларининг асосий таркиб спортчилари билан ташриф буюришган. Албатта, ушбу машғулотлар шу йилнинг ёзида бўлиб ўтадиган Токио-2020 Олимпия ўйинлари ҳамда қатор республика ва халқаро турнирларга тайёргарлик вазифасини ўтайди.

Ўқув йиғин машғулотлар 14 майга қадар давом этади.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати