Спорт соҳасидаги асосий тушунчалардан хабардормисиз?

Спорт соҳасидаги асосий тушунчалардан хабардормисиз?

Билиб қўйган яхши.

Сайитимиз саҳифаларини ўқувчилар орасида кичик ёшдаги ёш спортчиларимизнинг ҳам борлигини инобатга олган ҳолда, уларни спорт соҳасига оид бўлган атамалар билан яқиндан таништиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Ушбу мақолада спорт соҳасидаги асосий тушунчаларнинг таърифи билан танишингиз мумкин.

Спорт — одамларнинг муайян қоидалар бўйича ташкил этилган, уларнинг жисмоний ва интеллектуал қобилиятини таққослашдан иборат бўлган ҳаваскорлик асосидаги ва профессионал асосдаги фаолияти, шунингдек ушбу фаолиятга тайёргарлик кўриш ҳамда бу фаолият жараёнида одамлар ўртасида юзага келадиган муносабатлардир.

Спортчи — танлаган спорт тури ёки спорт турлари билан мунтазам шуғулланадиган, доимо ўзининг спорт маҳоратини ошириб борадиган ва спорт тадбирларида қатнашадиган жисмоний шахс;
спорт бўйича агент — спортчи номидан ва унинг манфаатлари учун шартнома асосида фаолият кўрсатадиган, тузилган шартномалар шартларига ва спортчининг ҳуқуқларига риоя этилишини кузатиб борадиган шахс.

Спорт мусобақаси — спортчилар ўртасида ёки спортчилар жамоалари ўртасида ҳар хил спорт турлари (спорт дисциплиналари) бўйича мусобақанинг энг яхши иштирокчисини аниқлаш мақсадида жисмоний тарбия ёки спорт тадбирининг ташкилотчиси томонидан тасдиқланган низом (регламент) бўйича ўтказиладиган беллашув.

Спорт иншооти — спорт тадбирлари ва оммавий спорт тадбирларини, спорт турлари бўйича ўқув-машқ машғулотлари ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш учун мўлжалланган, ўзига қўйиладиган норма ва талабларга жавоб берадиган ҳамда тегишли паспортга эга бўлган ёпиқ ёки очиқ типдаги ихтисослаштирилган иншоотдир.

Спортчининг спорт дисквалификацияси  — спорт тури қоидаларини ёки спорт мусобақалари тўғрисидаги низомларни (регламентларни) ёхуд халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган допингга қарши қоидаларни ёки республика спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан тасдиқланган нормаларни бузганлик учун спортчини спорт мусобақаларида иштирок этишдан спортнинг тегишли тури бўйича халқаро спорт федерацияси (уюшмаси) ёки спортнинг тегишли тури бўйича республика спорт федерацияси (уюшмаси) томонидан амалга ошириладиган четлаштириш демакдир.

Спорт турининг тармоғи (дисциплинаси)  — фарқловчи белгиларга эга бўлган ҳамда битта ёки бир нечта спорт мусобақалари дастурлари турларини ўз ичига оладиган спорт турининг қисми.

Спорт тадбирлари  — спорт мусобақаларини, ўқув-машқ жараёнини ва спортчилар иштирокида спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш бўйича бошқа тадбирларни ўз ичига оладиган тадбирлар;
спорт тури — жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури бўлиб, у инсоннинг спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўриши билан ажралиб туради, спорт мусобақаларини ўтказиш ва уларда иштирок этишга доир талаблар, тартиб ва шартлар белгиланадиган қоидаларга, низомга (регламентга) эга бўлади.

Спорт федерацияси (уюшмаси) — бир ёки бир нечта спорт турини ривожлантириш, оммалаштириш, шунингдек спорт тадбирларини ўтказишни ташкил этиш ҳамда спортчиларни — Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари аъзоларини спортнинг тегишли тури бўйича тайёрлаш учун аъзолик асосида ташкил этилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилоти.

Спорт ҳаками  — спорт тури қоидаларига ҳамда спорт мусобақаси тўғрисидаги низомга (регламентга) риоя этилишини таъминлаш учун жисмоний тарбия ёки спорт тадбири ташкилотчиси томонидан ваколат берилган, махсус тайёргарликдан ўтган ва тегишли малака тоифасини олган жисмоний шахс.

Спортнинг техник ва амалий турлари — спорт натижаларига эришиш учун спортчи томонидан умумий жисмоний машқлар мажмуасидан ташқари, спорт техникасидан, мосламаларидан ёки техникавий воситалардан фойдалана билиш ва уларни бошқариш соҳасидаги кўникмалар ва маҳорат қўлланиладиган, шунингдек ҳар хил спорт турларидан олинган, амалий аҳамиятга эга бўлган машқлар бирикмасидан фойдаланиладиган спорт турлари.

Спортнинг техник ва амалий турлари ёшларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилишга тайёрлашнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Тренер — тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномага эга бўлган ҳамда ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишни, шунингдек спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;

Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари  — миллий ижтимоий-маданий йўналишга эга бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ривожланаётган спорт ва ўйин турлари;

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари — халқаро спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиш учун турли ёш гуруҳларига тегишли спортчилар, тренерлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги олимлар ва бошқа мутахассислар, тиббиёт мутахассислари ҳамда бошқа мутахассислар жамоалари;

Ҳаваскорлик спорти — спортнинг аҳолини ихтиёрийлик асосида оммавий спортга жалб қилиш орқали одамлар соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилган қисми;

Спортнинг ҳарбий-амалий турлари — асоси ҳарбий хизматчилар ҳамда махсус хизматни ўтаётган шахслар томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ махсус ҳаракатлардан (шу жумладан усуллардан) иборат бўлган спорт турлари.

Муборак Якубова