Турнирда шпага бўйича Бухоро ва Андижон жамоалари ғолиб

Ўзбекистон чемпионати мусобақаси якунида шпага бўйича Бухоро ва Андижон жамоалари ғолиб бўлишди

Пойтахтимизда ёшлар ўртасида қиличбозлик бўйича мамлакат чемпионати ниҳоясига етди. Хабарингиз бор жорий йилнинг 18 январь кунидан 23 январь кунигача Тошкенда қиличбозлик бўйича 2001 йилда туғилган ва ундан кичик бўлган ёш спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Бугун мазкур турнир доирасида қиличбозликнинг шпага тури бўйича жомоавий баҳслар бўлиб ўтди. Якуний натижаларга кўра йигитлар жамоалари орасида Андижонлик шпагачи (Ғофуржонов, Муминов, Собиров, Набиев)лар ғолиб бўлишди.

Финал босқичида Андижон-1 жамоаси Тошкент-1 жамоасига қарши кураш олиб борди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсда андижонликлар пойтахт жамоасини 45:38 ҳисоби билан мағлуб этишди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди.

Шпага. Жамоавий биринчилик. Йигитлар (14 жамоа)

1. Андижон-1

2. Тошкент-1

3. Андижон -2

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақаси якунида шпагачи қизлар жамоалари орасида кечган беллашувларда Бухоро жамоаси янги йилнинг илк турнири ғолибига айланди.

Айтиш керакки, қизғин баҳслар давомида Бухоролик шпагачи қизлар - Болтабоева, Зубайдуллоева, Хамроева, Кароматовалар бор маҳоратларини намойиш этишга муваффақ бўлишди.

Биринчилик тақдирини ҳал қилувчи финал босқичида Бухоро-1 ҳамда Тошкент-1 жамоалари жуда ҳам шиддатли кураш олиб боришди. Баҳс давомида иккала жамоа ҳам бирдай имкониятга эга бўлишига қарамай, беллашув сўнгида Бухоро жамоаси Тошкент жамоасини 45:4 ҳисоби билан мағлуб этди ва биринчи ўринга сазовор бўлди.

Шпага. Жамоавий биринчилик. Қизлар (11 жамоа)

1. Бухоро-1

2. Тошкент-1

3. Навоий-1

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати