Жиззах вилоятида спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши

Жиззах вилоятида ислоҳотларнинг бориши қандай аҳволда?

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Жиззах вилоятида спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, янгидан қурилган ва лойиҳалаштирилган спорт иншоотларида ишлар қандай кетаётгани билан яқиндан танишиш мақсадида Жиззах вилоятида бўлди.

https://yuz.uz/imageproxy/1200x/https://yuz.uz/file/news/ca58fff0ad9d25e411ce2b50306c813a.jpg

Ташриф давомида вазир Мирзачўл тумани ҳокими К.Холмуродов билан учрашиб, келгуси йилда тумандаги «Ғалаба» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Ёшлар парки»да ёпиқ сузиш ҳавзаси, «Мирзадала» МФЙдаги ТИП-1 спорт объектига трибуна қуриш, стадионга табиий чим ётқизиш, миллий спорт турларини ривожлантириш мақсадида 1-сонли умумтаълим мактаби спорт залида миллий спорт турлари марказини ташкил этиш ҳамда аҳолининг камида 25 фоизини оммавий спортга жалб этиш масалалари бўйича суҳбатлашди.

Д.Набиев туманда янгидан қуриб битказилган енгил конструкцияли 18х30 метр ўлчамдаги спорт зал билан танишиб, ушбу объектнинг очилиш маросимини юқори савияда ташкил этиш ва спорт тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берди.

Шунингдек, фахрий меҳмон «Дўстлик» тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги реконструкция ишлари билан ҳам танишди. Пудратчига бу ердаги қурилиш ишларини январь ойида якунлаш бўйича топшириқлар берди. БЎСМ сузиш ҳавзаси иш фаолиятида эмаслиги, спорт залининг эътиборсизлик натижасида таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, машғулот жараёнларида спортчиларнинг деярли йўқлиги танқидий баҳоланди.

Зарбдор тумани «Бўстон» шаҳарчасида қуриб битказилган енгил конструкцияли 18х30 метр ўлчамдаги спорт зал билан ҳам танишиб, маҳалла оқсоқоллари билан учрашди. Стадиондаги қурилиш жараёни билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш, объектнинг очилиш маросимини ўтказишга тайёрлаш ва спорт тўгараклари ташкил этиш, объектга эса Президент Фармонидан келиб чиққан ҳолда тарихий шахслар номини бериш бўйича ўз кўрсатмаларини берди.

Ташриф сўнгида эса вазир Зомин тумани БЎСМ учун «Даштобод» шаҳарчасида янгидан қурилган енгил конструкцияли 18х30 метр ўлчамдаги спорт зал билан танишиб, қурилиш бўйича камчиликларни бартараф этиш, ушбу объектни очилиш маросимини ўтказишга тайёрлаш, бу иншоотга ҳам ном бериш, қолаверса, қўшимча Workout майдончаси қуриш ва спорт тўгараклари ташкил этиш бўйича ўз кўрсатма ва тавсияларини берди.

Шу тариқа Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиевнинг Жиззах вилоятига ташрифи ўз якунига етди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати