“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш”

“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ”

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугун мамлакатимиз бўйлаб  “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” ғояси остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Ана шу эзгу шиор остида Жиззах вилоят марказида ўтказилган тарғибот тадбирлари доираси ташкил этилган спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишларда вилоятнинг етакчи спортчилари, иқтидорли ўқувчи ёшлар, жумладан қиличбоз атлетларимиз фаол ҳам иштирок этишди.

Айтиш мумкинки, ушбу тадбирлар пандемия даврида давлатимиз томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, биринчи навбатда эҳтиёжманд қатлам вакилларига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига тўлақонли етказиш мақсадида ноябрь ойи давомида юртимиз бўйлаб кенгқамровли тарзда ўтказилиши белгиланган эди. Бу каби тарғибот тадбирлари юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, янгича ном ва ғоя асосида бир йил давомида ҳар ойда барча ҳудудларда ташкил этилиши кўзда тутилган.

"— Кейинги йилларда вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам туб бурилишлар кузатилмоқда — дейди Хамроз Холмуродов, Жиззах вилояти қиличбозлик федерацияси ижрочи директори. — Жиззах шаҳрида ўтказилган тарғибот тадбирларига алоҳида ҳозирлик кўрилиб, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар, уюшмаган ёшлар, эҳтиёжманд хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари жалб этилмоқда. Тадбирда таниқли олимлар, эл суйган санъаткорлар ҳамда бир қатор ютуқларга эришиб келаётган спортчиларнинг иштироки таъминланди.

Эътиборли жихати янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётидаги туб ислоҳотларга бағишланган ушбу маънавий-маърифий тадбирлар доирасида моҳир ёш спортчилар, ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Шу ерда вояга етиб, кўплаб спорт мусобақаларида ғалабаларни қўлга киритиб келаётган бир гуруҳ ёшларнинг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Тадбир давомида республикада кўзга кўринган бир гуруҳ қиличбоз спортчиларимизга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди".

 “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остидаги кенг қамровли тадбирлар қиличбоз-спортчиларимизга кўтаринки кайфият бағишлаш билан бир қаторда, келгусида уларни юқори спорт натижаларига эришиш учун янада руҳлантирди.

Бундай тадбирлар жойларда қизғин давом этмоқда.

Муборак Якубова, ЎзҚФ матбуот котиби