Юқори холестерин миқдорини туширишда ёрдам берувчи фойдали маҳсулотлар

Саломатлик

Шифокорлар холестерин миқдорини пасайтириш учун кундалик овқатланишда бир неча қоидаларга риоя қилишни маъқул деб билади. Шунингдек, улар тавсия қилган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш саломатлик учун муҳим ҳисобланади.

Фото: «МедикФорум»

Юқори холестерин организм учун энг катта муаммо ҳисобланиб, у юракнинг ишемик касалликлари, айниқса, юрак хуружини келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам мутахассислар ортиқча холестериндан халос бўлиш учун баъзи маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилишни тавсия қилади.

Организмдаги холестерин миқдорини парҳез қилиш орқали камайтириш мумкин. Масалан, рационга тўйинган ёғга бой бўлган маҳсулотлар ўрнига фойдалиларини киритиш орқали амалга ошириш мумкин.

Шунингдек, мутахассислар олтин қоида сифатида қуйидаги маҳсулотларни иложи борича кўпроқ истеъмол қилишга буюради:

Анжир

Тадқиқотлар натижасига кўра, ҳар куни 120 грамм қуритилган анжир мевасини истеъмол қилиш умумий холестерин миқдорини яхшилайди.

Ёнғоқлар

Бодом, писта, ёнғоқ холестерин миқдорини пасайтириши олим томонидан исботланган. Бундан ташқари, ёнғоқ маҳсулотлари қон босимига ижобий таъсир ўтказади. Қон томирлари яллиғланишини камайтиради ва юрак касалликлари ривожланишига йўл қўймайди.

Авокадо

Таркибида E витамини, калий, ниацин, тўйинмаган ёғга эга ушбу мевани нонуштада истеъмол қилиш кўпроқ фойда беради. Шунингдек, авокадо таркибидаги ёғ юрак хасталикларини олдини олишда самарали ҳисобланади.

Бундан ташқари юқори холестерин миқдорини камайтирувчи учта оддий парҳез кўрсатмаси мавжуд:

  • скумбрия, лосось, сардина, сельд каби ёғли балиқларни ҳафтасига икки-уч маротаба истеъмол қилиш;
  • тозаланган дон маҳсулотлари ва уларнинг пюреси ўрнига гречка, арпа, жигарранг гуруч ва бошқа дуккаклиларни тановул қилиш;
  • тайёр егуликлар истеъмолини тўхтатиш ва уларнинг ўрнига ёнғоқ, писта, мева ва сабзавот истеъмол қилиш тавсия этилади.