Йўллардаги фожиаларни қандай камайтириш мумкин: болаларни автоҳалокатлардан сақлаш бўйича Корея тажрибаси

Йўллардаги фожиаларни қандай камайтириш мумкин: болаларни автоҳалокатлардан сақлаш бўйича Корея тажрибаси

Жанубий Кореянинг Ёнсеи университетидан PhD Шоҳрух Авазов болалар иштирокидаги ЙТҲларни кескин камайтиришга эришган Кореянинг бу борадаги тажрибаси ҳақида ҳикоя қилади.

Шу ой бошида фарзанди автоҳалокатда вафот этган ота ўзи «зебра» чизиғини янгилаб, пиёдалар ўтиш жойи белгисини ўрнатгани ҳақидаги хабарни ўқиб, наҳотки болаларга ва умуман олганда, аҳолининг шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш хавфсизлигига бўлган эътибор ва муносабат шундай давом этса, деган савол туғилди.

Нега бошқа давлатларда бу хавфсизликка жуда жиддий қаралиб, шаҳарсозлик ҳамда давлат ёки маҳаллий бошқарувга жипслашув ва илмий қараш билан ёндашилади, деган фикрлар ҳам хаёлимда айлана бошлади. Гарчи шаҳарсозлик ва муҳандислик соҳасига яқин алоқам бўлмаса ҳам, бошқа мамлакатларда кузатилган давлат хизматларидаги инновациялар бизнинг жамият учун ўрнак бўлиши мумкин, деган мақсадда ушбу мақолани ёзишга қарор қилдим.

Қонуний асосларни мустаҳкамлаш

БМТнинг 1989 йилдаги Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида ҳар бир бола ўз фаровонлиги учун зарур ҳимоя ва ғамхўрликка эга бўлиши лозимлиги таъкидланган. Бундан ташқари, халқаро ҳужжатда «ҳар бир бола яшаш учун ажралмас ҳуқуқа эга» ва «томонлар болаларни парвариш ёки ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар ва ташкилотларнинг ваколатли органлари белгилаб берган стандартларга бўйсунишни, хусусан, хавфсизлик соҳасида мувофиқ бўлишни таъминлайдилар» деб кўрсатилган.

Бу муҳим тамойилни таъминлашнинг энг асосий йўлларидан бири эса, дунёдаги болаларнинг йўлларда ҳалок бўлишларини бартараф этишдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2016 йил учун маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб автоҳалокат туфайли 1,35 миллион бола вафот этади. 5–29 ёшдаги ёшларнинг ўлим сабабларининг энг асосийси ЙТҲда олинган тан жароҳати ва автоҳалокат бўлиб қолмоқда.

Лекин маълум бир мамлакатлар бу соҳада кўпгина ислоҳотлар ўтказиб, болаларнинг автоҳалокатдаги ўлими ҳолатларини сезиларли камайтиришга эришишган. Ўзим фаолият юритаётган Корея Республикасининг муваффақиятини мисол қилиб келтиришни мақсадга мувофиқ, деб билдим, чунки мазкур давлат болаларнинг автоҳалокатдаги ўлими ҳолатларини 1988–2012 йиллар мобайнида 95 фоизга туширишга муваффақ бўлган.

Кореяда автоҳалокат туфайли вафот этган болалар тенденцияси (1970-2012).
Манба: Корея Транспорт институти

Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш учун Кореяда турли чоралар кўриб борилган. Мактаблар яқинидаги йўллар ҳолатини яхшилаш, болалар учун мактаб автобусларининг хавфсиз қатновини таъминлаш, болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича сифатли таълим бериш, йўл ҳаракати хавфсизлигига ихтисослашган фуқаролик гуруҳларини қўллаб-қувватлаш, тегишли қонунчилик базасини мустаҳкамлаш дастурлари шулар жумласидан.

Қонунчиликдаги ислоҳотлар натижасида болаларнинг нафақат пиёда сифатидаги ҳуқуқлари, балки уларнинг ҳаракатланиш ҳуқуқлари ҳам кенгроқ ишлаб чиқилган. Оддий пиёда юриш концепциясидан кўра кўпроқ масалаларни ўз ичига қамраб олувчи норматив ҳужжатлар қабул қилинган. Мисол сифатида «Йўл ҳаракати тўғрисидаги қонун» (Road Traffic Act), «Йўл-транспорт ҳодисаларини бартараф этишга оид махсус ишлар тўғрисидаги қонун» (Act on Special Cases Concerning the Settlement of Traffic Accidents), «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонун» (Traffic Safety Act), «Aвтотранспорт воситаларини бошқариш тўғрисидаги қонун» (Motor Vehicle Management Act) кабиларни санаб ўтиш мумкин.

Бу қонунларда ишлаб чиқарилаётган автомобилларда болалар ўриндиқлари ўрнатилиши лозимлиги, тезюрар автомагистралларда ҳаракатланиш тартиби, мактаб ва боғча автобуслари ва уларнинг ҳайдовчиларига бўлган талаблар, болалар ва пиёдаларга йўл-ҳаракати хавфсизлиги бўйича билим бериш механизмлари, йўл инфратузилмаларининг талаблари ва шунга ўхшаш тартиблар белгилаб қўйилган.

Мактаб зоналари лойиҳаси

Aвтоҳалокатларни камайтириш ва олдини олиш мақсадида ҳукумат 1995 йилда мактаб зонаси дастурини жорий қилди. 1997 йилда эса Кореяда рўйхатдан ўтган транспорт воситалари 10 миллиондан ошганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тезликни ошириш ёки чорраҳаларни ноқонуний кесиб ўтиш натижасида келиб чиққан тўқнашувларнинг олдини олиш учун автоматик йўл ҳаракати хавфсизлиги камераларидан фойдаланишни бошлади.

Бу дастурга асосан, «мактаб зонаси» деганда болаларни таълим муассасаларига боришда ва ундан қайтишда йўл ҳаракати хавфсизлиги воситалари ўрнатиладиган ва бошқариладиган жой тушунилади. Кореянинг ушбу тизими болалар боғчалари, бошланғич мактаблар, махсус мактаблар ва хусусий мактаблар ёки 100 ва ундан ортиқ болалар фойдаланадиган болалар муассасаларига хавфсиз йўналишларни таъминлаш орқали болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган.

Мактаб зоналарида автомобиль ва бошқа турдаги транспорт воситаларнинг ҳаракат тезлиги максимум 30 км/с этиб белгиланган. Шу мақсадда йўл ҳаракати хавфсизлиги воситалари ва белгилари ушбу объектларнинг асосий дарвозасидан 300 м радиусда йўлнинг маълум қисмларига ўрнатилади. Ҳозирги кунда Кореянинг кўпгина катта ва янги қурилаётган шаҳарларида кореялик олимлар ва давлат хизматчилари мактаб зоналари тизимини янада такомиллаштириш ва «Aқлли шаҳар» (Smart City) талабларига мос келадиган равишда барпо этиш устида иш олиб боришмоқда.

Вонжу шаҳридаги мактабларнинг биридаги кўча.
Йўлга «Болалар учун хавфсиз маскан» ёзуви туширилган.

Кореядаги яна бир муҳим тамойиллардан бири – бу ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари мактаб зоналари ва болалар кўп бўлган махсус ҳудудларда бузилган тақдирда жарималар 2 ёки 3 баробар тўланишидир.

Мактаб зоналари йўл-ҳаракати қоидалари бузилган тақдирда белгиланадиган жарималар

Маълумот ўрнида: 1 АҚШ доллари - 1170 вон
Манба: Корея транспорт институти

Муҳим фуқаролик жамияти институтлари

Кореяда болалар орасида йўл-автотранспорт ходисалари қурбонларининг камайиши бўйича эришилган ютуқлар ҳақида гапирганда, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва самарали фаолиятини ҳам ёдга олиш жуда муҳим. Кореядаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилган фуқаролик гуруҳларини (шу жумладан, кўнгиллилар ташкилотлари) қуйидаги уч тоифага ажратиш мумкин.

Биринчи тоифа – бу полиция (ёки бошқа давлат ташкилотлари) ёки мактаб талабларидан келиб чиқиб ташкил этилган фуқаролик жамияти ташкилотлари. Кореяда энг кўзга кўринган бундай ташкилотларга Корея яшил оналар жамияти (the Korea Green Mothers Society) ва Кореянинг энг яхши ҳайдовчилари уюшмаси (the Korea Best Driver Association)ни мисол қилиб олиш мумкин.

Корея яшил оналар жамияти бошланғич мактаблардаги оналар гуруҳларидан ташкил этилган бўлса, иккинчи ташкилот тўғридан тўғри полиция билан боғлиқ. Бу жамиятлар Корея ҳукуматининг йўл хавфсизлиги бўйича ўтказиладиган тадбирларида фаол иштирок этишади ва уларни ташкил этишда муҳим рол ўйнашади. Мисол учун, Корея яшил оналар жамиятининг мамлакат бўйлаб деярли 5700та филиали ва 530 минг аъзоси мавжуд бўлиб, халқаро олимпиада ва ФИФA Жаҳон кубоги каби глобал тадбирларни ташкиллаштиришда ҳам бевосита қатнашиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келишади. Бунинг рағбатига эса, улар Корея ҳукумати томонидан турли хил қўллаб-қувватловчи ёрдам ҳамда совғалар олишади.

Кореянинг энг яхши ҳайдовчилари уюшмаси аъзолари эса асосан тижорий автотранспорт ҳайдовчиларидан иборат бўлиб, ҳафта кунларидаги куннинг тиғиз вақтларида юзага келадиган тирбандликларнинг олдини олиш, йўл ҳаракатининг ўз маромида давом этиши ва болалар иштирокида бахтсиз ҳодисалар юзага келмаслигини таъминлаш мақсадида полиция хизматига ёрдам бериб туришади.

Корея яшил оналар жамияти аъзосининг Сеул шаҳридаги фаолияти

Иккинчи тоифага эса йўл автотранспорти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларда ўз фарзандларини йўқотишдан азоб чеккан оилалар томонидан ташкил этилган фуқаролик жамиятлари киради. Кореяда ушбу тоифадаги энг кўзга кўринган гуруҳлар – Корея болалар ҳаракати хавфсизлиги уюшмаси (the Korea Association for Children’s Traffic Safety) ва Корея болалар хавфсизлиги фонди (the Korea Child Safety Foundation). Бу ташкилотлар аъзолари ўз маблағлари эвазига болаларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қиладилар.

Учинчи тоифадаги гуруҳлар болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари муаммосини ҳал қилишда юзага келадиган ижтимоий заруриятлар асосида тузилган жамиятлар ҳисобланади. Яшил транспорт (Green Transport), Кореянинг хавфсиз фарзандлари (Safe Kids Korea) ва Болалар хавфсизлиги мактаби (the Kids Safety School) каби ташкилотлар учинчи тоифани ташкил этади.

Ушбу фуқаролик гуруҳлари транспорт билан боғлиқ амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотлар бўйича Корея ҳукуматига ўз таклифларини билдириб боришади. Болаларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларини олиб чиқиш ва йўл-транспорт ҳодисаларини бартараф этиш бўйича кўнгилли хизмат кўрсатиш дастурларида иштирок этадилар.

Биргина Корея мисолида кўришимиз мумкинки, фуқаролик жамияти ва ҳукумат ўртасидаги фаоллик ва бирлашув асосида қурилган ҳамкорлик жамиятдаги катта муаммолардан бирига салмоқли ечим топишга ва тўғри бошқарув тизимини йўлга қўйишга ёрдам беради.

Мақолада болалар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича Кореяга хос асосий хусусиятлар билан танишиб чиқдик. Кореянинг болалар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш модели ҳақида кўпроқ амалиётларни қайд этиш ҳам мумкин. Умид қиламанки, шунга ўхшаш кичик қадамларни ўз юртимизда ҳам биргаликда амалга оширсак, жамиятимиз кичик аъзолари бўлган болаларнинг, фарзандларимизнинг хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса қўшган бўлардик, деб ҳисоблайман.

Шоҳрух Авазов,
Жанубий Кореянинг Ёнсеи университети

Давлат бошқаруви бўйича фалсафа доктори (PhD)