Учинчи Ренессанс ва қиличбозлик спорт турининг ривожланиш омиллари

Учинчи Ренессанс ва қиличбозлик спорт турининг ривожланиш омиллари
 (Давоми. боши: http://www.fencing.uz/ru/page/4180/uchinchi-renessans-va-ilichbozlik-sport-turining-rivozhlanish-omillari)

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.02.2019 й.
 9I-Ф сонли қарорига асосан 2019 йил 15-17 февраль кунлари Тошкентда қиличбозлик спорт тури бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасида Марказий Осиё қиличбозлик Конфедерациясининг илк — I Очиқ Чемпионати ўтказилди. Баҳслар қиличбозликнинг ҳар учта йўналишида ташкил этилди ва унда 150 нафардан зиёд спортчиларнинг қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йил 25 январь санасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қиличбозлик федерацияларини бирлаштирувчи Марказий Осиё қиличбозлик Конфедерацияси давлат рўйхатидан ўтказилди ва ушбу мусобақа Конфедерациянинг дастлабки турнири бўлиб, кейинги турнир ҳам 2019 йил сентябр ойида пойтахтамизда бўлиб ўтди ва турнир натижаларига кўра мамлакатимиз қиличбозлари ғолиб ҳамда совриндорлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашди.

2020 йил февраль ойида Жазоирда бўлиб ўтган Жаҳон Кубогида Миллий терма жамоамизнинг саблячи қизлар жамоаси Севинч Исмаилова, Зайнаб Дайибекова, Айсилу Уснатдинова, Гулбану Есемуратовалар ушбу турнирнинг финал босқичида жаҳондаги энг кучли ҳисобланган франция жамоасига қарши курашиб, фахрли 2-ўринни эгаллаб, Жаҳон Кубогининг кумуш медалига сазовор бўлишди.

Ўзбек қиличбозларининг асосий вазифаси –  халқаро даражадаги барча мусобақаларда фаҳрий шоҳсупада бўлишдир.

Бу борада, Миллий терма жамоа аъзоси, шпагачи Ҳасан Баудунов  2020 йил жаҳон рейтингида  ўсмирлар ўртасида дунёнинг 450 спортчиси орасида 6-ўринни эгаллаб  турганини таъкидлаш ўринли. У ўсмирлар ўртасида Жаҳон Кубогининг қатор мусобақларида  ғолиб чиқққан ва совриндорлар қаторидан ўрин олган. Сабля бўйича  қизларимиз ва ўсмирларимиз Жаҳон кубоги совриндорларидир. Шунингдек терма жамоанинг саблячи-қизлар жамоаси эса ўсмирлар ўртасида жаҳоннинг энг кучли ўн жамоаси сафидан ўрин олган.

Айтиш керакки, бу чемпионлик сари узоқ ва мураккаб йўлдаги дастлабки одимлардир. Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси – спортчилар ва мураббийлар бу йўлдан оғишмай олға шаҳдам қадам ташлашга қарор қилган.

Айтиш керакки, ўтган давр мобайнида мазкур халқаро даражадаги нуфузли мусобақаларни жаҳон стандарлари талаби даражасида ва юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун шахсан мамлакатимиз рахбари ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши, Халқаро қиличбозлик федерация шофелеги, ЎзР Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия Қумитаси ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг қатор тегишли вазирлик ва мутасадди ташкилотлар, айниқса оммавий ахборот воситалари, ҳомий ташкилотлар билан узвий ҳамкорлигида амалга оширилди.

Маълумки, пандемия сабабли белгиланган қанчадан-қанча истиқболли режалар кейинга сурилди. Лекин шунга қарамай карантин даврида ҳам Федерациямиз томонидан олиб борилаётган ишлар бир зум тўхтаб қолгани йўқ. Қиличбозларимиз онлайн ўқув йиғин машғулотларини ZООМ иловаси орқали фаоллик билан олиб боришди. Айни дамда республикамизнинг барча вилоятларидан истиқболли қиличбозлар учун онлайн машғулотлар давом этмоқда. Мазкур ўқув-тренинг интернетдаги ZООМ иловаси орқали учта платформада ҳар хил ёш тоифаларида ўтказилади. Бундан кўзланган асосий мақсад эса - спортчилар эътиборини умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус машғулотларга жалб қилишга қаратилган.

Мамлакатимизда карантин чоралари юмшатилганидан сўнг Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиби сентябрь-октябрь ойларида анъанавий ўқув- машғулотлар йиғинини бошлаб юборишди. Йиғин пойтахтимиздаги “Умид” ҳамда Қиличбозлик миллий Клуби залларида бўлиб ўтмоқда.

Шунингдек, айни вақтда қиличбозларнинг кадет-ўсмирлар терма жамоаси аъзолари Тошкент вилоятининг энг гўзал тоғли ҳудуди Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ширинбулоқ» спортбазасида ўқув-йиғин машғулотларини ўтказишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Яккакурашлар Республика спорт олий маҳорат мактаби кўмагида Қиличбозлик федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур йиғиндан кўзланган мақсад - иқтидорли ёш спортчиларни саралаш, 2021 йилда Тошкентда бўлиб ўтадиши режалаштирилган Осиё чемпионатлари ва Жаҳон кубоклари, шунингдек, муҳим халқаро қиличбозлик турнирларига пухта ва сифатли тайёргарлик кўришдан иборат.

Муҳтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари қаторида жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг ўрни бениҳоя муҳим аҳамият касб этади.

Учинчи ренесанс-уйғониш даврига пойдевор қурилаётган бир вақтда спорт соҳасида нафақат уйғониш, балки олиб борилаётган ишларни сифат даражасига кўтариш – юксалиш палласини дадил, салмоқли ва залворли одимлар билан амалга ошириш керак.

Аслида бу баландпарвоз сўзлар эмас, чунки галдаги вазифалар аниқ, халқимиз саломатлиги йўлида жамиятиз ҳаётига соғлом турмуш тарзини чуқур сингдириш, оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб қилишнинг иннаввацион усулларини жорий этиш ва бу борада жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ҳусусий секторни спорт соҳасига тадбиқ этиш каби ишларни баҳамжихат ва изчил хал этмоғимиз зарур.

 

Муборак Якубова,

ЎзҚФ матбуот котиби