«Аҳолимизни кўпроқ юриш, тўғри овқатланишга одатлантирамиз» — соғлиқни сақлаш вазири

 

«Аҳолимизни кўпроқ юриш, тўғри овқатланишга одатлантирамиз» — соғлиқни сақлаш вазири

Соғлиқни сақлаш вазири Оқолтин туманида ўтказилиши режалаштирилаётган аҳоли ўртасида юриш ва тўғри овқатланиш бўйича тажриба тўғрисида сўзлаб берди. У соғлом турмуш тарзи коронавирусга қарши курашда энг самарали йўл эканини маълум қилди.

Алишер Шодмонов.

 

 

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Оқолтин туман ҳокимлигида қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари билан учрашди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

 

Тадбирда аҳолини тўғри овқатланиш, жисмоний фаолигини ошириш учун қандай ишларни амалга ошириш зарурлиги, ушбу амалларнинг соғлом ҳаётга қайтаришдаги самараси борасида сўз борди.

 

«Коронавирус инфексияси кишиларнинг соғлиғи, ҳаётига хавф солаётган бир пайтда ҳаммани вирусдан зарарланганда қандай қилиб ундан тез ва осон қутулиш мумкин, деган савол қийнамоқда», — деди А.Шадманов.

 

"Газета.uz"да реклама

Вазирнинг қайд этишича, муаммонинг ягона ва энг самарали ечими соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Бу нафақат вирусдан ҳимояланиш, балки узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришнинг ҳам энг асосий қоидаси, талаби ҳисобланади. Касалликнинг кучли асоратлари ва ўлим ҳолатлари асосан юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет, ўпканинг сурункали касалликлари бўлган ёки ортиқча вазнга эга бўлган, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилган, камҳаракат инсонларда учрамоқда.

 

«Шуни унутмалигимиз керакки, касалликнинг енгил кечиши ёшга боғлиқ эмас, катта ёшда бўлса ҳам тўғри овқатланадиган, жисмоний фаол бўлган, семизлиги ва диабети бўлмаган инсонларда касаллик анча енгил кечади», — деди вазир.

 

Соғлиқни сақлаш вазири соғлом турмуш тарзининг асоси жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш эканини таъкидлаб ўтди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсон кунига 5−7 километр юрса, қон томир касалликлари, юрак хуружи, инсульт каби ҳасталиклардан бутунлай йироқ бўлади. Ортиқча вазн эса, касалликлар уясидир.

 

«Оқолтин тажрибаси асосида аҳолимизни кўпроқ юришга, тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилишларига одатлантирамиз. Аввало, уларнинг жисмоний ҳолатини аниқлаб олиш учун аҳоли вакилларининг бўйи, вазни, бел айланаси ўлчаниб, тиббий варақаларида қайд этилади. Ҳар бир маҳаллада аниқ белгиланган бир вақтда ўзаро масофа сақлаган ҳолда кексаю ёшларни юриш марофонига чорланади. Одамлар бунинг фойдасини тушуниб етгачгина ҳар куни узоқ масофага юриш, тўғри овқатланишни одатга айлантиради», — деди Алишер Шодмонов.

 

Шунингдек, маҳаллалар ўртасида «Энг соғлом маҳалла», «Энг соғлом кўча» танловлари ўтказилиб, ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган фуқароларга турли рағбатлантириш мукофотлари тақдим этилади.

 

Хабарда давлат раҳбарининг 13 октябрда Оқолтин тумани «Янги Тошкент» маҳалласидаги оилавий поликлиникада тиббиёт билан спорт ҳамоҳанглигини кучайтириб, одамларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш, аҳолининг умрини узайтириш масалалари борасида таклифлар берганини эслатиб ўтди. «Кўп юриш билан тўғри овқатланиш маданиятини йўлга қўйиб олсак, тиббиётдаги 30−40 фоиз масалани ҳал қилган бўламиз», — деган эди Шавкат Мирзиёев.

 

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи охирида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги кунига камида 10 минг, ойига 300 минг, йилига 3,6 миллион қадам юрган фуқаролар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма ҳамда спорт залларига абонемент тақдим этишни таклиф қилган эди.

 

«Газета.uz»