Тадқиқот: Соғлом турмуш тарзи ақлий заифлик ривожланишини секинлаштиради

Ёш ўтгани сари айрим инсонларда хотира, нутқ, идрок этиш ва фикрлаш қобилиятининг бузилиши кузатилади. Бу шунчаки кексалик аломатлари эмас, балки деменция синдроми (ақлий заифлик)нинг белгилари бўлиши мумкин. Ҳар хил касалликлар ва шикастланишлар, ҳиссий назоратнинг йўқолиши деменция ривожланишига олиб келади, Альцгеймер касаллиги каби мияга шикаст етказади.

Деменция кўпинча кекса ёшлиларда кузатилиб, улар орасида ногиронлик ва гиёҳвандликнинг асосий сабабчиларидан бири ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йил 7,7 миллион янги деменция ҳолатлари қайд этилади. Бу рақам 2050 йилга келиб 131,5 миллионга кўпайиши мумкин.

Бу касалликнинг аниқ давоси йўқ. Аммо австралиялик пенсионерлар билан ўтказилган тажриба кундалик одатлардаги оддий ўзгаришлар нейропластикани узоқроқ сақлашга имкон беришини кўрсатди.

Тажрибада деменция ривожланишининг илк белгилари аниқланган 65 ёшдан ошган 119 киши иштирок этди. Улар икки гуруҳга бўлиниб, турмуш тарзидаги ўзгаришлар қисқа вақт ичида одам соғлиғига қандай таъсир қилиши таққосланди.

Иштирокчилар овқат рационини ўзгартиришди. Кўпроқ мия машқлари, шунингдек, жисмоний ва махсус машқлар билан шуғулланишди. Тажриба 8 ҳафта давомида ўтказилиб, олти ойдан сўнг натижалар баҳоланди. Иштирокчиларда касаллик ривожланишининг пасайиши кузатилди.

Тадқиқот ҳаммуаллифи Митчелл Макмастернинг айтишича, касаллик ривожланаётган пайтда ҳам тўғри парвариш билан етарли даражада нейропластикликни сақлаб қолиш мумкин.

Деменция ўнлаб йиллар давомида ҳеч қандай ташқи аломатларсиз ривожланиши мумкин. Ўтказилган тажрибалар эса давоси йўқ ушбу касалликнинг олдини олиш учун ёшликданоқ соғлом турмуш тарзига риоя қилиш кифоя эканлигини кўрсатмоқда.

https://zamin.uz/jamiyat/78688-tadiot-solom-turmush-tarzi-alij-zaiflik-rivozhlanishini-sekinlashtiradi.html