Бугунги ёшлар муаммоларни ҳал қилиш ва уларга таъсир кўрсатиш жараёнида ҳақиқий иштирокчига айланмоқда

Бугунги ёшлар муаммоларни ҳал қилиш ва уларга таъсир кўрсатиш жараёнида ҳақиқий иштирокчига айланмоқда

 
Бугунги кун ёшлари дунё миқёсида ўз эркинликлари, қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларига оид долзарб муаммоларни ҳал қилиши ва уларга таъсир кўрсатишида демократик ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнинг ҳақиқий иштирокчисига айланишмоқда.
 
Республикамизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.
 
Мамлакатимиз фаолиятининг устувор йўналиши, бу - ёшларга оид сиёсат бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборатдир.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида Ёшлар парламентини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
 
Ушбу қарорни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро миқёсида Ёшлар парламентини яратилиш тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, ёш авлодга уларнинг манфаатларига таъсир кўрсатадиган муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал қилиниш жараёнида иштирок этиш учун платформа вазифасини бажаради.
 
Халқаро амалиётга кўра, ривожланган мамлакатлар парламентлари ҳузурида Ёшлар парламенти фаолияти изчил йўлга қўйилган. Мисол учун, бундай парламент АҚШда 1950, Россияда 2001 йилдан фаолият юритмоқда. Шунингдек, Грузия, Белорус Республикаси, Германия ва Англияда аҳолининг 16 – 30 ёш бўлган қатлами орасидан Ёшлар парламенти аъзолари шакллантирилган ва улар ёшлар муаммоларини парламент даражасига олиб чиқади.
 
Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бугунги тез ривожланиш ҳамда замон билан ҳамнафас яшаш учун янгича фикрлайдиган ёшларнинг ўрни беқиёсдир ва бунда албатта кекса авлоднинг тажрибаси ҳам муҳим ўрин тутади, тажрибани уйғунлаштириш учун эса бугунги жамиятнинг барча соҳасида ёшларнинг ролини ва иштирокини кўпайтириш лозим. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда Ёшлар парламентаризмини ташкил этиш ва ривожлантириш масаласи бўйича қабул қилинган ушбу қарор айни муддао бўлди.
 
30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг видеоконфренц алоқа тарзида биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
 
Ёшлар парламенти аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги турли йўналишларда фаолият олиб бораётган ташаббускор, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга, кенг дунёқараш ва чуқур билим ҳамда лидерлик салоҳиятига эга 18 – 30 ёш бўлган фуқаролар орасидан гендер тенглик таъминланган ва жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳам жалб қилган ҳолда жами 100 нафар этиб шакллантирилди.
 
Бунда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига сайланган ёшлар вакилларидан ҳар бир ҳудуддан тенг миқдорда 6 нафардан жами 84 нафар ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тавсиясига кўра 10 нафар ҳамда Сенатнинг Ёшлар маданият ва спорт масалалари қўмитаси тавсиясига биноан 6 нафар ёшлар Сенат Кенгаши қарори билан Ёшлар парламенти аъзолигига тасдиқланди.
 
Ёшлар парламенти раиси лавозимига Моҳистара Муҳаммадюнусова номзоди кўриб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди. Ёшлар парламенти раиси ўринбосари – комиссия раисларини ва Ёшлар парламенти котибини сайлаш, Ёшлар парламенти Регламенти ҳамда иш режаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
 
Эндиликда ёшлар парламентининг ҳар бир аъзоси ўз истиқомат қиладиган ҳудуд ёшларига тегишли муаммоларини ўрганиб, унинг сабабларини аниқлаб, ушбу муаммоларни ёшлар ўртасида муҳокама қилиб, уни бартараф этиш юзасидан лойиҳа тайёрлаган ҳолда мажлисга келиши талаб этилади.
 
Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, бўлғуси депутатлар, Сенат аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, ёшларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб бориш каби вазифаларни бажаради. Ёшлар парламенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар тавсиявий характерга эга бўлади.
 
Шунингдек, 5та муҳим ташаббус йўналишлари асосида Ёшлар парламентида қуйидаги комиссия тузилади ва фаолият олиб боради. Булар:
 
Илм-фан, маданият ва туризм масалалари комиссияси
 
Спорт, соғлом турмуш, ижтимоий масалалар ва экология комиссияси
 
Компьютер технологиялари, инновацион ғоялар, стартаплар ва агрокластер масалалари комиссияси
 
Китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва қонунчилик масалалари комиссияси
 
Бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари комиссияси
 
Гендер тенглик масалалари комиссияси.
 
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшлар нафақат эртанинг бунёдкори, балки бугуннинг ҳал қилувчи кучи сифатида ўзларини намоён қилишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Ёшлар парламентининг комиссиялари Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус асосида йўналишларга ажратилган. Ишонамизки, Комиссиялар аъзолари ўзлари масъул бўлган йўналишда бешта муҳим ташаббуснинг чинакам халқ ҳаракатига айланишига ҳам муносиб ҳисса қўшадилар.
 
Ёшлар парламенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида ташкил этиладиган консультатив-жамоатчилик органи ҳисобланиб, мамлакатимиздаги қонун чиқарувчи ва ижро органлари кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади. Ёшлар парламенти фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириб боришга Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси масъулдир. Ёшлар елкасидаги ушбу улкан масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, билдирилган юксак ишончни оқлашларига, юртимиздаги миллионлаб ёшларнинг юқори палатадаги муносиб вакили бўлишингизга ишонамиз. Бу борада уларга куч-қувват тилаймиз.
 
Мамлакатимиз келажаги ёшлар қўлида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, юртимизни жаҳон ҳамжамиятида ўрнини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади албатта.
 
photo_2020-07-31_11-03-38.jpg
 
photo_2020-07-31_11-03-43.jpg
 
 
Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Ёшлар, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси раиси