Ёшлар учун муҳим! Мотивацион мактуб (хат) қандай ёзилади?

Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон” нашрига ёшлар ва талабалар орасидан турли мазмундаги саволлар билан мурожаат қилувчилар сони ортиб бормоқда. Уларнинг аксариятини Мотивацион хат ёзиш кўникмалари борасидаги сўровлар ташкил этади. Биз ана шундай ёшларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб мотивацион хат ёзиш услубини DААD (Германия академик алмашинув) дастури мисолида кўриб чиқамиз.

Мотивацион хати – турли дастурлар, анжуман ва форумлар, грант, стипендия ҳамда шу кабиларга сўраладиган энг муҳим ҳужжатлардан бири. Аввало, шуни айтиш ўринлики, мотивацион хат резюменгизнинг айнан “такрор” варианти бўлиб қолмаслиги керак. Шундай экан, мотивацион хат ёзишни сўнгги кунга ташлаб қўйманг. Уни имкон қадар олдинроқ ва тезроқ бошлаганингиз мақсадга мувофиқ. Эсда сақлангки, сиз танлаган ўқув дастур профессионал тажрибага эга бўлишингиз ва мақсадларингиз йўлида муҳим ҳисобланади.

Биринчи навбатда, ўзингизга муҳим савол беринг:

- Салоҳиятим ва имкониятим қай даражада?

- Диплом олгандан кейин қайси соҳада ишлайман?

- Битиргандан кейин, ўз мамлакатимда жамият, сиёсий ёки технологик соҳа ривожига қандай ҳиссам тегади?

- DААD (Германия академик алмашинув) дастурида иштирок этиш учун қай даражада муносибман?

- Нега айнан таҳсилни Германияда ўрганишни хоҳлаяпман?

Мотивацион хатингизда муваффақиятларингиз ва мавжуд салоҳиятингизга урғу беринг. Аммо буни бўртириб ташламаганигиз маъқул.

Шунингдек, Германияда сиз танлаётган таълим йўналишининг ўқув дастурлари ва сизнинг аввалги тажрибангиз ўртасида кутилаётган натижалар изоҳини баён қилиш керак. Хатингизда танлаган университет ёки мактаб таълимини муносиб оқлаш истаги ва Германияда таҳсил муваффақиятга ёрдам беришини айрим мисоллар орқали тасвирлаб беринг. Ўрганиш билан боғлиқ шахсий қарашлар, имкониятлар ҳамда битирувдан сўнг келгуси мақсадларни баён қилиш дастур комиссиясида яхши таассурот қолдиради.

Мактубни якунлагандан кейин унинг тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Биринчи навбатда зарур қисмига эътибор қаратинг. Агар имкон бўлса бошқа одамларга такроран текширтириш фойдали.

Мотивацион хат икки, кўпи билан уч саҳифадан иборат бўлиши лозим. Матннинг грамматик қурилиши, имловий ўринлари муҳим аҳамиятга эга. Эсингизда бўлсин, сизга дастурнинг суҳбат жараёнида Мотивацион хатингиз бўйича саволлар берилиши мумкин.

Нурилло Тўхтасинов

тайёрлади

https://yuz.uz/news/yoshlar-uchun-muhim-motivatsion-maktub-xat-qanday-yoziladi