Андижонда "Олтин водий" турнири якунланди

01/10/2017

25-30 сентябрь кунлари Андижонда катталар ўртасида турнир ташкил қилинди. Ушбу турнирда нафақат спортчилар, балки мураббий ва баъзи ҳакамлар ҳам иштирок этдилар.

Турнирда энг ёш спортчи 9 ёш, энг каттаси эса 36 ёшни ташкил қилди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Фарғона, Наманган, Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган спортчилар қатнашдилар. Шунингдек, қўшни Қозоғистондан ҳам вакиллар турнирда иштирок этдилар.

Турнирда умумий ҳисобда 247 нафар спортчи қатнашди. Улар Андижон шаҳрида жойлашган қиличбозлик мажмуасига қарашли мехмонхонада бепул истиқомат қилдилар.

Шпагачилар ўртасидаги баҳсларда иккала олтин медаль ҳам навоийлик спортчилар томонидан қўлга киритилди. Игорь Кньязев ва Малика Ҳакимовалар барча рақибларидан устун келдилар. Жамоавий баҳсларда эса эркаклар ўртасида Андижон, қизлар ўртасида эса Тошкент жамоалари ғолиб деб топилди.

Рапира баҳсларида эса Тошкент шаҳри жамоаси вакили Қурбон Қаноатов эркаклар ўртасида, аёллар ўртасида эса Умида Илёсова тенгсиз деб топилди. Тақдирлаш маросимига Андижон шаҳри ҳокими ташриф буюрди ва ғолибларга ўз совғаларини тақдим этди: 1-ўринни қўлга киритган спортчилар Artel телевизори, 2-ўрин соҳиблари эса Artel электропечлари, 3-ўринни қўлга киритган қиличбозларга эса мултиваркалар тақдим этилди. Жамоавий баҳсларда эса Тошкент шаҳри вакиллари ғолибликни қўлга киритдилар.

Сабля баҳсларида эса эркаклар ўртасида Алимов Самандар тенгсиз деб топилди. Қизлар ўртасида Қорақалпоғистон вакилари Айсулу Уснатидинова ғалаба қозонди. Жамоавий баҳсларда ҳам Тошкент жамоалари ғалаба қозонди.